Сардоба сув омбори фалокати, афсуски, аҳолининг нафақат моли, балки жонига ҳам дахл қилган. Аҳоли орасидан бир эмас, беш қурбон. Беш хил тақдир — ёшлари, касблари турлича, ўлим тафсилотлари ҳам бўлак. Лекин ҳаммасининг сўнгги манзилга томон қисмати бир хил — жасадларнинг бари ўз уйидан чиқарилмаган. Чунки уларнинг уйлари йўқ эди энди...
Она армони: «Ўзим бўлганимда қутқарармидим...»
«Айтолмайман. Буни айтиш оғир...». Йиғлайди, йиғлайверади. Тинглаш ҳам осон эмас. Мавлуда опанинг айтишича, 36 ёшли ўғли Фарҳод Алишев йил бошидаёқ бир ўлимдан қолган. 2020 йил 15 январь куни Қозоғистонга кетгач, икки кун ўтиб ундан нохуш хабар келган — иш жойида бир сутка ис газида қолиб кетган, оқибатда инсультни бошдан кечириб, комага тушиб қолган. Чимкентда 23 кун, Гулистонда 20 кун реанимацияда ётган, кейин «6-совхоз»даги шифохонада яна 19 кун даволанган. Карантин бошлангач, уйга олиб келинган.Йигитнинг яқин ойларда соғайиб кетишидан умидвор оила тўйлар бошламоқчи эди. «Укангни уйлантирамиз, ўғилларингни суннат тўйини ҳам қўшиб ўтказамиз, десам, тасдиқлаб бошини ирғарди», — деб хотирлайди она.
«Овқат ейдиган бўлди. Оёқ-қўллари қимирлади. Фақат гапиролмади, — дея Фарҳоддаги ўзгаришларни эслайди Мавлуда Алишева. — Дераза олдига ўтказиб қўярдим. Ташқарини томоша қилиб ўтирарди». Фарҳод ўрнидан тура олмагани учун памперсдан фойдаланилган, аммо ўша машъум кун арафасида уйда қолмаганди. «Таксига тайинласам, ‘6-совхоз’да ҳам йўқ. Соат 14:00 лардан ўтиб йўлга чиқдим, такси кутиб икки соат йўлда турдим. Ўшанда ортга қайтсам бўларкан — Гулистон карантинга ёпиқ, киритмади шаҳарга. Кейин Сирдарёга ўтиб кетдим. Кеч бўлиб қолди. Дориларининг ҳаммасини олдим-да, эртага саҳарлаб соат 05:00 да йўлга чиқаман дегандим», — дейди у.
Ўша оқшом аёл синглисининг уйида қолган. Эрталаб қўнғироқ бўлган: «Эна, мени кечиринг, тоғамни қутқара олмадим», — деган невараси. Онанинг қон босими ошиб кетган, шифохонага олиб борилган. Бир қанча вақтдан сўнг яна қўнғироқ: «Опа, Фарҳод акам ўлмабди. Вертолётчилар қутқарибди». Кечга яқин яна қизининг овози: «Опа, тез келинг, Фарҳод акам бўлмай қолган». Айтишларича, йигит аслида том остида қолиб ҳалок бўлган вақтда рафиқаси, Жиззахдан етиб келган ака-укалари, яқинлари унинг қутқарилиб, омон қолганига ишонган, шу боис эвакуация ҳудудлари, шифохоналарда уни роса излаган.
Аёлнинг «Тоғамни қутқаролмадим!» деган невараси Фарҳоднинг тўрт боласини хавфсиз жойга олиб чиқиб кетган. Уйда Фарҳоднинг отаси ҳам бўлган, бироқ, афтидан, у ҳам гавдали ўғлини кўтариб олиб чиқа олишига кўзи етмаган. Энг охири уйда йигитнинг аёли қолган. Кўча бошига чиқиб ёрдам жўнатса, яхшироқ бўлишини ўйлагандир у. «Лекин Фарҳодга келган машинага қўшни аёлни ўтказиб юборишган. Хуллас, ҳамма ўзини олиб қочган, болага ҳеч ким қарамаган, уйда қолиб кетган. Уйнинг тагида қолиб кетган. Қўллари мушт бўлиб қисилиб, тирноқлари кафтларига кириб кетган экан, — дейиши билан аёл ҳўнграб юборади. — Ўзим бўлганимда, балки, қутқарармидим».
Мавлуда опа келини билан ўғли бир-бирини жуда ардоқлаганини айтади. Аммо келин «эримнинг ўлими ортидан келадиган уйда яшолмайман» деб, тўрт боласи билан Қозоғистонга жўнаб кетган (эр-хотин кўп йиллардан буён фарзандлари билан Қозоғистонда яшаган, «Фақат Фарҳодгина Қозоғистон паспортини олишга улгурмаган эди», — дейди Мавлуда опа).
Онанинг таъкидлашича, фарзандларининг отаси 20 йилдан бери улар билан яшамайди, ойда йилда уларнинг уйига бир меҳмондек келиб-кетиб турган. Ўша машъум 1 май ҳам шундай тасодифий ташриф кунларидан бири бўлган. «Лекин мана шу уй унинг номида. Шунинг учун 40 миллион сўмни ҳам у олди», — дейди аёл, бу пулдан бир сўм ҳам уларга тегмаганига ишора қилиб.
Суҳбатдошимиз уларга товон пули берилмаганини айтади. «Ўғлимнинг ўлимидан бир ҳафталар ўтиб 900 минг сўм олдик. Ҳайитда 700 минг сўм ҳам берилган экан, уни ҳам дадаси олган», — дея дафн маросими учун ва эҳсонга берилган пуллар ҳақида маълумот беради аёл. Хайрлашарканмиз, Мавлуда опа қўлларини дуога очиб, қайта-қайта айтган тилаги шу бўлди: «Ҳеч ким менга ўхшаб болам, деб йиғламасин». Илоҳим!
Мавзуга доир: «Тирик қолсам бораман, бўлмаса рози бўл». Сардоба тошқинига биринчилардан бўлиб юзма-юз келган Давлат ҳикояси
Жанозаси туғилган кунига тўғри келган аёл
Қория Ҳасанова 1973 йил 2 май куни туғилган. 2020 йил 2 май куни, Сардоба тошқинидан сўнг жасади топилган. У билан бирга сувда оққан икки қизи эса қутқарилган.Қўрғонтепа қишлоғини оралаймиз. Бир вақтлар Қория яшаган уй ўрни. Одам бўйи дўмпайиб турган тупроқ уюмлари, сочилган шох-шаббалар, парча-парча шифер бўлаклари, бир қарич келадиган пойдевор ширин қизлар ўйнаб-улғайган уйдан ва ўтган йилдаги ҳалокатдан хотирадек. Атрофдаги шу каби лойдан қурилган бошқа хонадонлар ҳам ер билан яксон бўлган, қишлоқ ўрни ҳозир кенг майдон.
«Қўрғонтепа» маҳалласи мутахассиси Сайёра Алиқулованинг айтишича, Қорияхоннинг турмуш ўртоғи тўғон ҳалокатидан ярим йил аввал оламдан ўтган эди. «Меҳнаткаш аёл эди. 25 сотих томорқаси бор эди. Икки кун олдин уйига боргандик. Пилласини кўрдик. Тошқин олдидан кечаси билан пиллага қараган-да у киши. Менимча, эрталаб ухлаб қолган, қочишга улгуролмай қолган. Икки қизчасини профилактика инспекторимиз қутқариб олган», — деб эслайди у.
15 ёшли Нигина ва 11 ёшли Мадина — Қорияхоннинг тошқиндан омон қолган қизлари. Нигина 1 майни шундай эслайди: «Уйғонганимизда сув тиззадан эди, беш дақиқа ўтар-ўтмас белгача кўтарилди. Уйдан чиқиб кетганимизда атрофда ҳеч ким йўқ, тепада вертолётлар бор эди, лекин одамларни кўриб бўлмасди.‘Катта совхоз’да фақат ҳайвонлар юрарди. Бирор ерга чиқиб олишнинг ҳам иложи бўлмаган, чунки аллақачон уйлар қулаётганди». Шу вақт сув бирдан елкагача кўтарилган.
Шу тарзда опа-сингил сувда оқиб кетган. Кейин, қизгинанинг эслашича, қандайдир шохми, ниманидир ушлаб қолган. Шифохонада, жонлантириш бўлимида синглиси билан бирга ётқизилган...
Нигина ва Мадина Умурзоқовалар бугун Сирдарё туманидаги бағрикенг бир хонадонда яшайди. Қизлар бу ерда оила бошлиғига «ота», бекасига «эна» деб мурожаат қилади. Келинли, куёвли Мақсуда Мирзақулова ҳикоя қилади:
«Аямни ‘ая’ дердик, сизни нима деб чақирсак бўлади, дейишди. Менга кўпроқ ‘она’ ёқади, ‘эна’ деб чақиринглар, дедим. ‘Эна’ дейишади. Хўжайинимни ‘ота’ дейишади. Беш фарзандим бор — мана энди болаларим еттита бўлди», — дейди Мақсуда опа. Айтишича, ярим йил ичида ҳам ота, ҳам онадан айрилган бу қизларни фарзандликка олишга бир неча оила талабгор бўлган. Эвакуация пайти ва ундан кейин шу хонадонда бир неча бор бўлган қизлар айнан уларни танлаган.
Опа-сингил ҳозир битта мактабга қатнайди, ўқишдан бўш вақти турли тўгаракларда ҳунар ўрганади. Бийрон Мадина қоғоздан, тасма-ю иплардан манзарали гуллар ясашни ёқтиради. «Энг чиройли атиргулларимни энамга совға қилдим», — дейди у. Яна, туғилган кунида отаси совға қилган оқ айиқчасини яхши кўришини айтади. Оиладаги ўғилларни фахр билан «акам» дейди.
«Икки акам Тошкентда ўқийди. Улардан бири Қуръон ёдлаяпти, бошқаси инглиз тилини ўрганяпти. Мен кўпроқ Муҳаммад акамни яхши кўраман. Бир-биримизга савол берамиз. Шахмат ўйнаймиз, шашка ўйнаймиз. Келаётганда бизга бир нарсалар олиб келади. Болаларни яхши кўради-да», — дейди қизалоқ ўзига хос самимийлик билан.
Қизларнинг иккови ҳам келажакда шифокор бўлмоқчи. Нигина бинойидек шеърлар ҳам ёзаркан. Хонадонда қизларга мумкин қадар тошқин воқеасини эслатмасликка ҳаракат қилишади. Лекин Мақсуда опанинг: «Қизларнинг аясига ёдгорлик қўймоқчимиз», деган гапини тасодифан эшитиб қолган Мадина йиғлаб юборди.
Оила бошлиғи ўзи ҳақида бирор маълумот бермаслик талабини қўйди; камтаринликдандир балки бу. Вилоятда эса Сардоба фалокатининг шу икки митти жабрдийдаларини асраб олган хонадон каттасини сир сақлашга ҳожат йўқ деб ҳисоблашади — у кишини ҳамма билади. Қизиққанлар, сирдарёлик танишларингиздан сўрайверинг.
«Отамнинг жасадини чиқаришга сув ёрдам берди»
75 ёшли Султон Рўзиқуловнинг жасади тошқин бошланганидан бир неча соат ўтиб, ўзининг уйидан, фақат пойдевори қолган уйидан топилган. Беш фарзанднинг отаси диванда, сувга ғарқ бўлганича ётар, уйнинг деворлари, не мўъжизаки, икки томонга қулаб, марҳумнинг устига бир хас ҳам тушмаган.Султон ака кўп йиллардан буён тўшакка михланган эди. Қанд касали бўлган, тошқиндан бир муддат аввал бир оёғи қорасон бўлиб, кесилган эди. Кўзи ҳам кўрмай қолганди.
Марҳумнинг ўғли Одил Рўзиқулов ўша куни бақир-чақирдан уйғониб кетганини айтади. «Ҳамма кўчада. Отам болаларингни олиб кетавер, мени қўявер, деди. Яқиндагина операциядан чиққан кунларим эди, кўтаролмаслигимга кўзим етиб, болаларни кўтар-кўтар қилиб, олиб чиқиб кетдим», — дейди Одил.
У болаларни хавфсиз жойга ташлаб, уйга қайтиб келган, аммо орган ходимлари уни қўймаган. «Ўзимизнинг болалар ишлаяпти, олиб чиқишади, болаларингни ўйла, оқиб кетишинг мумкин», деб ўтказишмаган. «Орадан 3 соат ўтди, жавоб ҳам чиқмади, қутқардик ҳам демади. Кейин уларнинг айтганини қилмай, кириб кетдим. Келсам, уй ағанаган, кечикканман... Агар ўтказиб юборишганида, улгурармидим», — дейди оғир хўрсиниб.
«Операция бўлган бел билан жасадни қандай кўтардингиз?», — деб сўраймиз минг истиҳола билан. «Сувнинг ўзи ёрдам берди», — дейди Одил.
Оилага барча шароитлари бор уч хонали квартира берилган. Айтишларича, газ, сув, электр рисоладагидек — бунинг учун улар давлатдан миннатдор. Аммо бел оғриғи хуруж қилганида рўзғор онаси оладиган 500 минг сўмлик пенсияга қараб қолади. Бошқа вақт отасидан қолган эски машинада киракашлик қилади. Айнан шу машина унинг номига ўтказилгач, уч боласи учун 400 минг сўм атрофида бериладиган ёрдам пули ҳам тўхтатилган (чунки «машинаси борларни муҳтожлар рўйхатига қўшиб бўлмайди»).
Султон ака вақтида ўғлига уни ўз юрти — Қашқадарёга қўйишни васият қилган. Аммо дафн маросими учун давлат берган 950 минг сўм пул «отамни олиб кетиш учун йўлкирага ҳам етмади», — дейди Одил. «Карантин эди, машиналар кам эди. Оғайнилардан пул олиб туриб, маҳалладошларим жойлаштирилган коллежда маърака ҳам қилдим. Бўйнимда қарз. Узишим керак», — деб қўшимча қилади у.
Бу оилага ҳам, табиий офатдан зарар кўрган бошқа барча хонадонлар қатори, 40 миллион сўм пул берилган. Лекин, Одил Рўзиқуловнинг тушунтиришича, хонадон учун берилган техника воситалари тўлови мана шу 40 миллион сўмдан қайтарилган. Одил тошқин оқибатида вафот этган отаси учун товон пули бериш-берилмаслиги юзасидан бир неча бор мурожаатлар қилган, бироқ расмийлардан тайинли жавоб йўқ.
Бирга яшаб, бирга кетиш қисмати
70 ёшли Ҳакимжон ака Раҳмонов ва 65 ёшли Назирахон Мамасиддиқова Мирзаобод туманидаги Навбаҳор қишлоғида яшаган. Улар Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан келиб, шу ерда қўним топган эди. Қўша қариётган эр-хотин ҳаётни ҳам бирга тарк этди.Уларнинг ўғли Дилмурод оиласи билан Тошкентда яшайди. У ота-онаси ҳақидаги хотираларни гапиролмаслигини айтади: «Бир куннинг ўзида ҳам ота, ҳам онадан айрилиш нималигини биласизми? Мен ёлғиз ўғилман. Эслашнинг ўзи азоб. Азоб!», — деб асабийлашади йигит.
Марҳумларнинг маҳалладоши Озода Маматқулова чол-кампир бир умр деҳқончилик қилганини эслайди: «Иккаласи бир-бирини ҳурмат қилиб яшади. Яхши аёл эди, катта-кичикка тенг эди. Хўжайини Ҳакимжон ака ҳам худди шундай эди», — дейди Озода опа.
Эр-хотин ҳовлиларини гул-у гулзорга айлантирганди, дейди қўшни Нафиса Эшонқулова: «Экинзорига макка, картошка борми, ҳамма нарсани экиб, обод қилиб ўтирарди. Уларнинг ҳеч кимга зиёни тегмасди».
Қизлархон Эргашева чол-кампирни эвакуация вақти охирги марта кўрганлардан бири: «1 май куни эрталаб, соат 06:30 ларда ҳамма кўчага чиққанида улар ҳам маҳалла одамлари билан бирга эди. Кейин, йўлда нимадир эсдан чиқдими, улар яна қайтиб кетган эди».
Қизлархон опанинг эслашича, онахон қўшнилари билан суҳбатда ўғил-қизидан мамнунлиги, фарзандлари ва келинидан миннатдорлигини тез-тез айтиб турган. «Хўжайини эса ҳовлисида нима мева пишса, болаларимга илиниб, кўтариб чиқарди».
Маҳалладошларнинг айтишларича, улар Янгиерда, лицей ётоқхонасига жойлашганларида Дилмурод ота-онасини излаб борган. Кейинроқ чол-кампирнинг жасадлари икки жойдан топилгани маълум бўлган. Ўғилнинг таъкидлашича, ота-онасининг тошқиндаги ўлими учун товон пули тўланмаган.
***
Аҳоли орасидан беш қурбон. Беш хил тақдир, ёшлари, касблари турлича, ўлим тафсилотлари ҳам ҳар хил. Айни вақтда, умумий жиҳатлари ҳам кам эмас. Уларнинг ҳаммаси халқдан чиққан, оддий одамлар эди. Уларнинг ҳам орзу-ўйлари бор эди. Уларнинг бари яқинларига армонлар қолдириб кетди...
Муаллифлар: Мустаҳкам Тангриёрова, Мусулмонбек Иброҳимов Муҳаррир: Муҳрим Аъзамхўжаев
ПС. Сардоба тошқини вақтида қутқарув ишларига жалб қилинган Миллий гвардия ходимлари орасида ҳам талафотлар бўлган, лекин у алоҳида, катта, оғриқли мавзу.
Изоҳ (0)