Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани ҳокими ўринбосари «аёллар дафтари»га киритилган фуқарони арзонлаштирилган уй олувчилар рўйхатига киргизиб қўйиш учун пора олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бошқармалари томонидан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси М.Х. Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.С. билан олдиндан тил бириктириб, «аёллар дафтари» рўйхатида турувчи фуқаро М.ни пора беришга далолат қилиб, унга туман ҳокими ўринбосари орқали кам таъминланган оилалар учун «Юлдуз» массивида қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олувчилар рўйхатига киритиб қўйиб, уй олиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг М.Х.нинг кўрсатувларига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.С. хизмат мавқейидан фойдаланиб, юқоридаги масалада фуқаро М.га ёрдам бериш эвазига 400 АҚШ долларини М.Х.дан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал Шаҳрисабзда олган порасини қайтариб берган электр таъминоти корхонаси бошлиғи қўлга олингани, Андижонда муқаддам судланган ҳокимлик вакили пора билан қўлга тушгани ҳамда Самарқандда фуқарони 50 минг долларга чув туширган адвокат устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар