Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Ҳар бир мамлакатда нархларнинг бир меъёрда сақланиши барқарор иқтисодиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази етакчи илмий ходим Ферузбек Давлетов қуйидаги мақолада инфляция оқибатлари, инфляцион таргетлаш, унинг ўзига хос хусусиятлари ва Ўзбекистонда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида мулоҳаза юритади.

Халқаро экспертлар ва ҳамжамият томонидан тавсия этилганидек, ривожланган мамлакатлар учун 2-3 фоиздан ва ривожланаётган мамлакатлар учун 3—5 фоиздан ўртача инфляция даражаси макроиқтисодий барқарорликка катта хавф туғдирмайди. Бироқ, инфляция даражасининг бундан юқорилиги жиддий иқтисодий таъсирга эга.

Инфляциядан келиб чиқадиган тўртта асосий ўзаро боғлиқ муаммоларни келтириб ўтамиз:

Биринчи муаммо — валютани сотиб олиш қобилиятининг пасайиши. Бинобарин, бундай «инфляцион солиқ» аҳолини ушбу пул бирлигида активларни сақлашдан воз кечишга мажбур қилади ва ушбу тенденция узоқ муддатли истиқболда салбий оқибатларга олиб келади.

Иккинчи муаммо — аҳоли ва бизнеснинг «инфляцион ажабланиши» бўлиб, маълум бир томонларнинг сотиб олиш қобилиятидаги кутилмаган фарқ келиб чиқишига олиб келади. Бундай «ажабланиш»нинг оқибатлари икки хил бўлиши мумкин: қарздорлар учун яхши, кредиторлар учун эса аксинча.

Учинчи муаммо — инфляциянинг тез-тез ўзгариб туриши иқтисодий агентлар (бизнес, аҳоли ва бошқалар) ўртасида ўзига хос «ноаниқлик» яратиши мумкин. Бу ўз ўрнида, томонларнинг иқтисодий режалаштиришни мураккаблаштириши ва келажакда спекулятив муҳит яратиши мумкин. Бинобарин, бундай хаотик (тартибсиз) иқтисодий хатти-ҳаракатлар ҳар икки томонга зарар етказади.

Тўртинчи муаммо — инфляциянинг нотекис келиб чиқиши билан боғлиқ. Умуман олганда, инфляция — бу нархлар ошишининг ўртача кўрсаткичи. Яъни, индивидуал нархлар ҳар хил даражада кўтарилиши мумкин.

Бу ўз ўрнида, иккита муаммони келтириб чиқаради:

1) нархлар ўзгаришининг бундай шаклланиши товар ва хизматларнинг нисбий камлигини етарли даражада акс эттирмаслиги ва шу билан сотувчилар ва харидорларга нотўғри сигналларни бериши мумкин;

2) нархлар ўзгаришининг бундай шаклланиши инфляцияни башорат қилишни ва иқтисодий агентлар орасида иқтисодий режалаштиришни қийинлаштиради.

Инфляциянинг жиддий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, мустақил эксперт Абдулла Абдуқодировнинг 15-16 фоиз атрофидаги инфляция даражаси Ўзбекистон учун даҳшатли эмас, деган далиллари ниҳоятда ажабланарли. Юқори даражадаги инфляция ҳаммани (аҳоли, бизнес, ҳукумат ва бошқаларни) ҳар доим ташвишга солиши керак, аксинча эмас.

Инфляциянинг паст даражаси иш билан таъминлашни ҳамда ишлаб чиқариш қувватини оширишга ва натижада юқори ўсишга олиб келади. Бошқача қилиб айтганда, инфляциянинг иқтисодий ўсишга таъсир қилиши корхоналардаги капитал маҳсулотларнинг реал нархини ошиши билан ва бунинг натижасида инвестицияларнинг камайиши билан боғлиқ. Корхоналар «реал балансининг» қисқариши янги капитал товарлар сотиб олишнинг харажатларини оширади. Инфляция ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги эмпирик боғлиқлик кўплаб олимлар томонидан таҳлил қилинган.

Масалан, Чили Марказий банкининг собиқ раиси ва иқтисодиёт вазири Ж.Грегорио томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатидики, агар Лотин Америкасида 1950—1980 йиллардаги ўртача инфляция даражаси шу даврда икки баробар кам бўлганида, аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши камида 25 фоизга ошган бўлар эди. Шунингдек, Гарвард университети профессори Р.Барронинг 1960—1990 йиллар давомида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари учун ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ўртача йиллик инфляция даражасининг 10 фоиз пунктга ўсиши, аҳоли жон бошига реал ЯИМнинг йиллик ўсиш суръати 0,3 фоиз пунктга ва инвестицияларнинг ЯИМга нисбати 0,6 фоиз пунктга пасайишига олиб келган.

Бу ерда инфляция, инвестициялар ва иқтисодий ўсиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини аниқ тушуниш жуда зарур. Бир вақтнинг ўзида иқтисодий ўсиш, инвестицияларнинг ошиши ва инфляциянинг юқори даражада бўлишининг имкони ҳам назарий жиҳатдан, ҳам амалий жиҳатдан мавжуд эмас.

Ҳар бир давлат Марказий банкининг, шу жумладан, Ўзбекистон Марказий банкининг вазифаси инфляцияни жиловлашдир. Дарҳақиқат, сўмнинг қадрсизланиши ва эркин конвертацияга ўтиш даврида (2017—2019 йиллар) мамлакатда инфляция юқори даражада, яъни, ўртача 15 фоиз атрофида бўлган. Аммо 2020 йилга келиб Марказий банк инфляция даражасини 11 фоизгача туширишга муваффақ бўлди. Инфляцияни доимий равишда паст даражада ушлаб туриш Марказий банкнинг устувор вазифасидир.

Инфляцияни таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш Ўзбекистон президентнинг 2019 йил 18 ноябрдаги фармонида тасдиқланган. Фармонга мувофиқ, Марказий банк инфляциянинг 2021 йилда 10 фоизгача ва 2023 йилга келиб 5 фоизгача пасайишини таъминлайди. Халқаро валюта жамғармасига кўра, Ўзбекистон Марказий банки инфляцион таргетлаш тизимига тасдиқланган муддатда тўлиқ ўтишига ижобий баҳо берилган.

Тажриба шуни кўрсатадики, Марказий банклар инфляцияни жиловлаш функциясини давлатнинг фискал сиёсатидан, сиёсий ва бошқа тижорат манфаатларидан мустақил бўлгандагина муваффақиятли амалга оширади. Мажбурий меъёр сифатида инфляцияни таргетлаш муваффақиятли пул-кредит сиёсатининг асосидир. «Мажбурий меъёр» тушунчасининг аҳамияти биринчи марта 1977 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреатлари Ф.Кидланд ва Э.Прескоттнинг ишларида акс эттирилган.

Уларнинг таъкидлашича, келажакдаги мумкин бўлган ҳаракатлар тўғрисида жамоатчилик тахминлари ҳукуматнинг «мажбурий меъёрлар»га риоя қилиши асосида шаклланади. Хоҳишга асосланган сиёсат (дискрецион сиёсат) аниқ белгиланган қоидалар йўқлигини англатади. Инфляция ҳолатида, марказий банкнинг дискрецион сиёсати аҳоли орасида бозорларда нархлар динамикасига нисбатан «ноаниқ» тахминларни шакллантиради. Натижада, аҳолининг регуляторга нисбатан ишончи паст даражада ва кейинчалик инфляциянинг спекулятив юқори даражада бўлишига гувоҳ бўламиз. Фақатгина инфляцияни таргетлаш бўйича президент фармони ва шу каби бошқа «мажбурий меъёрлар»гина келажакда инфляцияни барқарорлигини таъминшлаш кафолати бўлади.

Бироқ бу Марказий банк ўз дискрецион сиёсатидан бутунлай воз кечиши керак, дегани эмас. Шу билан бир қаторда Марказий банк ўзининг пул-кредит сиёсатини иқтисодий ўсиш билан мувозанатлаштириши ҳам аҳамиятга эга. Масалан, муваффақиятли Марказий банклар қаторидан жой олган Европа Марказий банки асосий эътиборни инфляцияни жиловлашга қаратишига қарамай, иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминланишини ҳам ҳисобга олишади.

Шу ўринда, Ўзбекистонда сўнгги йилларда нархларнинг ойлик ўзгаришини таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ. 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган давр учун ойлик истеъмол нархлари индекси (CПИ) қуйидаги расмда келтирилган.

Маълумот учун, истеъмол нархлари индекси (ўтган ойга нисбатан фоиз ҳисобида) 2021 йил март ойида 100,8 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2020 ва 2019 йил март ойларида мос равишда 101,3 фоиз ва 101,2 фоизни ташкил этган. 2020 йил учун ўртача ойлик CПИ 0,9 фоизни ташкил этган. 2016—2020 йилларда CПИ ўртача даражада сақланиб қолган. Бундан 2017 йилдаги эркин конвертация тизимига ўтиш жараёнидаги сўмнинг кескин қадрсизланиши мустасно.

Маълумот учун, истеъмол нархлари индекси (ўтган ойга нисбатан фоиз ҳисобида) 2021 йил март ойида 100,8 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич 2020 ва 2019 йил март ойларида мос равишда 101,3 фоиз ва 101,2 фоизни ташкил этган. 2020 йил учун ўртача ойлик CПИ 0,9 фоизни ташкил этган. 2016—2020 йилларда CПИ ўртача даражада сақланиб қолган. Бундан 2017 йилдаги эркин конвертация тизимига ўтиш жараёнидаги сўмнинг кескин қадрсизланиши мустасно.
Манба: Давлат статистика қўмитаси

Ушбу маълумотлардан фойдаланган ҳолда юқори инфляция ҳолатида қолиш эҳтимолини ҳисоблаш мумкин. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (ИТИМ) ҳисоб-китобларига кўра, юқори инфляция ҳолатида қолиш эҳтимоли 58 фоизни ташкил қилади. Яъни, агар маълум бир ойда CПИ юқори инфляция ҳолатида бўлса, унда кейинги ойда унинг шу даражада қолиш эҳтимоли 58 фоизни ташкил қилади. Бу ўз ўрнида, аҳолининг нархлар ўзгаришига нисбатан узоқ муддат давомида шаклланиб келган тахминлари ҳақида далолат беради. Ушбу жараён, яқин вақтгача нархларни барқарорлаштиришга йўналтирилган «мажбурий меъёрлар» йўқлиги билан изоҳланади. Натижада, биз аҳоли ва бизнес истиқболларини шакллантиришда ушбу «мажбурий меъёрлар» қанчалик муҳимлигини англаймиз.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда бошланган янги монетар сиёсатга қўшимча равишда, айнан аҳоли ва бизнеснинг истиқболларини шакллантириш нуқтаи назаридан тавсиялар бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Биринчи навбатда, Марказий банк инфляцияни таргетлаш тизимини доимий равишда таъминлаб бориши зарур. Аҳоли ва бизнес орасида қисқа ва узоқ муддат учун кутилмалар шаклланиши тўғридан-тўғри Марказий банкнинг инфляциён таргет интизомига риоя қилиш билан боғлиқ.

Иккинчидан, фақатгина монетар сиёсат билан нархлар барқарорлигини таъминлаб бўлмайди. Шунингдек, тегишли фискал сиёсатни олиб бориш зарур. Халқаро ташкилотлар ва экспертлар ривожланаётган мамлакатларга, айниқса, кенг кўламли ислоҳотларни ва туб ўзгаришларни бошдан кечираётган мамлакатларга, бюджет тақчиллигини ўртача даражада ушлаб туришни тавсия этадилар. Нега деганда, фискал дефицитнинг кескин ошиши иқтисодий агентларнинг «инфляцион ажабланиши»га сабаб бўлади ва бу ўз навбатида, юқорида айтиб ўтилганидек, инфляцион кутилмаларнинг кўтарилишига олиб келади.

Бюджет дефицитининг инфляцияга тахминий таъсирига келсак, ИТИМ ҳисоб-китобларига кўра, давлат харажатларининг ЯИМга нисбатан 1 фоизга кўпайиши инфляцияни 0,6 фоизга ошириши мумкин. Ўзбекистонда давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш, айниқса, пандемия даврида муҳим аҳамият касб этди ва тегишли чора-тадбирлар Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 июндаги ва 21 сентябрдаги қарорлари билан тасдиқланди. Шунингдек, ушбу йўналишда яқинда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари таркибини оптималлаштириш ва уларнинг сонини қисқартириш тўғрисида Ўзбекистон президенти фармони қабул қилинди.

Учинчидан, эмпирик далиллар инфляцион кутилмаларнинг айрим бирор бир истеъмол товар ва хизматларга боғлиқлигидан далолат беради. Масалан, Нью-Йорк Федерал захира банки томонидан доимий равишда истеъмолчилар орасида ўтказиб бориладиган сўровнома натижалари аҳолининг инфляцион кутилмалари озиқ-овқат, ёқилғи, тиббий ёрдам ва олий таълим нархларининг ўзгариши билан боғлиқлигини кўрсатади.

Юқорида келтирилган товар ва хизматлар нархларни давлат томонидан назоратга олиш усуллари индивидуал хусусиятга эга. Мисол учун, соғлиқни сақлаш соҳасида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш Ўзбекистон президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги қарорида келтирилганидек, тиббий суғурта бозорини ривожлантириш орқали амалга оширилиши мумкин.

Бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг шаклланиши ҳукумат томонидан турли хил йўллар билан тартибга солинади. Булар орасидан 2020 йил 16 октябрда Ўзбекистон президенти раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилган озиқ-овқат хавфсизлиги фондларини яратиш ёки маҳаллий биржа савдоларида хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини кенгайтириш кабилари жой олади.

Тўртинчидан, валюта курсининг ўзгариши иш ҳақи орқали инфляция кутилмаларига таъсир қилади. Сўмнинг қадрсизланиши билан аҳолининг харидорлик қобилияти импорт нархларига нисбатан пасаяди. Шунинг учун валюта курсининг турли хил шокларга нисбатан чидамлилигини таъминлаш жуда муҳимдир. Ушбу йўналишда Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022—2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари тўғрисидаги ҳисоботида валюта бозорини такомиллаштиришнинг асосий механизмлари келтирилган. Буларга валюта савдосининг «қатъий белгиланган» механизмидан «узлуксиз кимошди савдоси» механизмига ўтиш киради, бу эса валюта курсини белгилашда бозор иштирокчиларининг ролини сезиларли даражада оширишни назарда тутади.

Бешинчидан, глобал қиймат занжирларига қўшилиш инфляцион кутилмаларнинг асосий омилларидан биридир. Глобал қиймат занжирларининг ортиб бораётган роли янгилик ва ахборот алмашинувига ҳисса қўшади. Натижада, янги технологиялар мамлакатда ишлаб чиқариш жараёнини янада мувофиқлаштиришга имкон беради. Шунингдек, глобал қиймат занжирларига қўшилиш ички ва ташқи ишлаб чиқаришнинг турли босқичларини оптималлаштириш учун бизнес имкониятларини кенгайтиради. Ўз навбатида, буларнинг барчаси ички рақобатбардошликни оширади ва нархларнинг пасайишига олиб келади.

Хулоса қилиб айтганда, нархларнинг барқарорлигини таъминлаш умумий макроиқтисодий барқарорлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳимлигини таъкидлаш лозим. Ушбу йўналишда регуляторнинг роли, унинг мустақиллиги ва «мажбурий меъёрлар»га риоя этилиши муҳим. Шу билан бирга, ҳукуматнинг амалдаги иқтисодий либераллаштириш сиёсати, ижтимоий адолатни қўллаб-қувватлаш, пул-кредит ва фискал сиёсатининг синергияси ва халқаро иқтисодий интеграция сиёсати ҳам муҳим.

Изоҳ
Асосий янгиликлар
Дунё
Генерал Пётр Павел Чехиянинг янги президенти этиб сайланди
Дунё
Америкадаги рус мафияси бошлиғига айланиб, Россияда ўлим топган “қонундаги ўғри” — “Япончик”. Кун хронологиясида 29 январь
Маҳаллий
Марказий банк раисининг крипто-активлар бўйича маълумоти рад этилди