Ўзбекистонда қоидабузарликларни аниқлаш учун камераларни ўрнатиш тартиби ҳақда ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Фото: «Дарё»

Унга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси ишлаб чиқилади ҳамда E-ijro auksion платформаси орқали онлайн аукционга қўйилади.

Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жой дислокацияси, мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.

Ўрнатиладиган жойларнинг бошланғич нархи 735 000 сўмдан 8 575 000 сўмгача белгиланди.

Тизим ўрнатилгач, 10 кун давомида синов тариқасида ишлатилади ва бу даврда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима ундирилмайди.

Тадбиркорлик субъектларига тизим ишга туширилган кундан бошлаб 1 йил давомида қайд этилган қоидабузарликлардан ундирилган жарима суммасининг 50 фоизи, ишга туширилганидан 1 йил ўтгач эса 25 фоизи ўтказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил декабрь ойида «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинганди. Қарорга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Бундан аввал Ўзбекистонда тадбиркорларнинг радар ўрнатишига рухсат бериладиган ҳудудларнинг аукцион нархлари эълон қилингани ҳамда Ўзбекистонда «парковка» қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори қанчага пасайтирилаётгани ҳақида хабар берилганди.