Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Тошкент шаҳрида ташқи реклама конструкциялари бузиб юборилишининг қонунийлигини ўрганмоқда. Бу ҳақда бизнес-омбудсманнинг Telegram канали орқали маълум қилинди.

Фото: Telegram

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида юзлаб ташқи реклама конструкциярлари ҳеч қандай ҳуқуқий асослар кўрсатилмасдан бузиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Маҳаллий ҳокимият органларининг ушбу ҳаракатлари тадбиркорлар орасида кескин норозиликларни келтириб чиқараётганини инобатга олган ҳолда, бизнес-омбудсман девони масъул давлат органлари иштирокида ушбу ҳаракатларнинг қонунийлигини ўрганиб чиқмоқда», — дейилади муносабатда.

Аввалроқ Тошкентда ташқи реклама объектларига мораторий жорий қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг февраль ойида пойтахт рекламачиларнинг Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш сўзлари ва тадбиркорлар фаолиятига аралашмаслик ҳақида «Ўзавтойўл» давлат қўмитасига қаратилган чорлов акс этган реклама баннерлари пайдо бўлганди. Ўзбекистон коммуникацион агентликлари ассоциацияси бу «Ўзавтойўл»нинг «Тошкент ҳалқа автомобиль йўли ёқасига ўрнатилган 600 га яқин ташқи реклама конструкцияларини демонтаж қилиш» ҳақидаги баёнотига нисбатан жавоб муносабати деб айтганди.

Ўша йилнинг март ойида Тошкент шаҳри кўчаларидаги қонун талабига жавоб бермайдиган ташқи реклама объектларига қарши қатъий чоралар кўрилган.