Наманган вилоятида 4 ёшли фарзандини ўзига боғлаб, Норин дарёсида сакраган аёл қутқариб олинди, деб хабар беради Миллий гвардия матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, 22 апрель куни тунги соат 01:20 ларда Учқўрғон туманидан оқиб ўтувчи Норин дарёси устида жойлашган кўприк қирғоғига тушган нотаниш аёл фарзанди билан биргаликда сувга ўзини ташлаб юборган.
Шу вақтда ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходими ҳамда воқеа жойидан ўтиб кетаётган йўловчи фуқаро А.А. аёл ва болани қутқариб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борган.
Олиб борилган дастлабки суриштирувлар давомида ушбу аёл Учқўрғон туманида яшовчи 38 ёшли Х.М. бўлиб, у 2017 йилда туғилган фарзандини ўзига боғлаган ҳолда сувга ташлагани маълум бўлган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон туман ИИБ томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.
Аввалроқ наманганлик аёл 2 нафар боласини кўприкдан дарёга ташламоқчи бўлгани, Ширин шаҳар ҳокимлиги «ҳаётдан чарчаб», икки боласини каналга оқизиб юбормоқчи бўлган аёл воқеаси бўйича изоҳ бергани, Навоийда 31 ёшли аёл ўзи ва уч нафар қизининг жонига суиқасд қилгани ва унинг эри доимий равишда аёлга ўғил фарзанд туғмагани учун ҳақоратлаб келгани бунга сабаб бўлгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)