АҚШнинг Техас штатидаги Вудлендс шаҳрида автопилот режимида ҳаракатланган Tesla электромобилининг катта тезликда дарахтга урилиши натижасида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal хабар берди.

Фото: Scott Engle

Тўқнашувдан кейин машина ёниб кетди. Ёнғинни бартараф этиш учун ўт ўчирувчилар тўрт соат вақт сарфлади.

Оқибатда автомобилда бўлган икки киши ҳалок бўлди, уларнинг бири машинанинг олд ўриндиғида, иккинчиси эса орқа ўриндиқда бўлган.

«Дастлабки суриштирув ишлари ҳали якунланмади, лекин бизга ҳозирча автомобиль бошқарувида ҳеч ким бўлмагани маълум. Бунга 99 фоиз ишончимиз комил», — деб изоҳ берди округ полициячиси Марк Ҳерман.

Шунингдек, полиция авария вақтида ҳимоя ёстиқчаларининг ишлаган-ишламаганлигини ҳам текширмоқда.

Аввалроқ Флорида штатининг Мирамар шаҳрида соатига 160 километр тезликда ҳаракатланган Tesla Model S бир нечта дарахт, автотураргоҳдаги иккита автомобиль ва йўл четидаги уйлардан бирига урилиб, ҳайдовчининг омон қолгани ҳақида хабар берилди.

Шунингдек, Шимолий Каролина штатида автопилотда ҳаракатланаётган Tesla Model S иккита полиция автомобили билан тўқнашув содир этгани, шунингдек, Tesla Model 3’нинг рули ҳаракат вақтида узилиб тушгани, Хитойда Tesla автопилоти соатига 127 километр тезликда ҳаракатланиб, ЙТҲга учрагани тўғрисида хабар берилганди.