Сирдарё вилояти Оқолтин туманида содир бўлган ЙТҲ оқибатида 2 киши вафот этди, дея хабар қилмоқда ЙҲХББ.

Қайд этилишича, 2021 йил 18 апрелдан 19 апрелга ўтар кечаси соат 00:30 ларда халқаро аҳамиятдаги М39 автомобиль йўлининг Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи 918-километрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Маълум қилинишича, Isuzu юк машинаси орқасидан келаётган автомобилга йўл бериши учун кескин равишда рулни ўнг тарафга бурган. Натижада йўл четига тўхтаб турган Nexia ва «ЗИЛ» машиналарининг ортидан келиб урган. Зарб оқибатида Nexia «ЗИЛ»нинг тагига кириб кетган.

Оқибатда Nexia’нинг икки нафар йўловчиси воқеа жойида вафот этган, яна икки нафари тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Бундан аввал Навоийда Nexia уриб юборган велосипед ҳайдовчиси шифохонада вафот этгани, Тошкентда Malibu ва Lacetti тўқнашуви оқибатида Озарбайжон фуқароси вафот этгани ҳамда Фарғонада Lacetti йўлни кесиб ўтаётган 12 ёшли велосипедчини уриб кетгани ҳақида хабар берилганди.