Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, 34,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, шундан 17,2 миллион нафари аёллар, 17,4 миллион нафари эркаклардир.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, доимий аҳоли сони 2021 йил бошидан 136,7 минг кишига ошди. Аҳоли сони йил бошидан ҳар ойда ўртача 45,9 минг кишига кўпайган. 2021 йилнинг ҳар бир кунида эса доимий аҳоли сони ўртача 1,5 минг кишига ошган.

Аҳолининг ўсиш суръати 101,9 фоизга тенг.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этганди.

Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг июнь ойида миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказган ва Ўзбекистонда мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаганини таъкидлаганди. Мамлакатда 2021 йил 1—25 ноябрда аҳоли синов тариқасида, 2023 йилда эса тўлиқ рўйхатга олинади.