2022—2023 йилларда йирик олим ва файласуф Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО иштирокида кенг нишонланади. Бу ҳақда 7—21 апрель кунлари ташкилотнинг онлайн равишда бўлиб ўтган 211-сессиясида бош вазир ўринбосари, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси аъзоси Азиз Абдуҳакимов маълум қилди, деб ёзади «Gazeta.uz».
«Ушбу таклиф Ўзбекистон ташаббуси билан Тожикистон, Эрон ва Туркия давлатлари ёрдамида ишлаб чиқилган. Энди эса мазкур масала 2021 йилнинг ноябрида Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО бош анжумани 41-йиғилишида тасдиқлаш учун киритилади», — дейди бош вазир ўринбосари.
«Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний ўрта асрларнинг буюк қомусий олими, астроном, математик, файласуф, географ, этнограф, антрополог, геолог, тарихчи, ботаник, фармаколог ва гуманисти бўлган», — дейилади кенгаш кўриб чиққан аризада.
Беруний 973 йилнинг 4 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти — Катда (ҳозирда Қорақалпоғистоннинг Беруний шаҳри) туғилган ва математиканинг ҳамда астрономиянинг ривожланишига улкан ҳисса қўшган.
Беруний аниқ, табиий ва гуманитар фанларнинг деярли барча соҳаларига тегишли бўлган 150 га яқин асар яратиб, буюк илмий мерос қолдирган. Унинг ишлари кўплаб тилларга таржима қилинган ва ҳозирда ҳам фойдаланиб келинмоқда.
«Беруний, шунингдек, турли хил тақвим тизимлари, ҳукмдорлар, қаҳрамонлар тарихи, сиёсий воқеалар, маданият, урф-одатлар ва ахлоқ қоидалари бўйича тадқиқотлар олиб борган маданиятлараро тарихчи сифатида танилган», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Қорақалпоғистонда Абу Райҳон Берунийнинг 1045 йиллигига бағишланган илмий–назарий конференцияси ўтказилганди.
Мавзуга доир: Кобул Берунийга бағишланган анжуманган мезбонлик қилди
Изоҳ (0)