13 апрель куни нафақат гуноҳлардан, балки организмдаги турли хилт ва токсинлардан тозаланиш, соғломлашиш ойи бўлган Рамазон кириб келди. Одамлар Рамазонни соғинган, Рамазон ҳам бизни соғингани учун ҳар йили бир неча кунга олдинроқ келар экан.

Рамазонга шаҳар инфраструктураси мутасаддилари ҳам тайёргарлик кўради. Тошкент шаҳрида таровиҳ намози муносабати билан ҳар Рамазон оқшомида (13 апрелдан 12 майга қадар) — соат 18:00 дан 23:00 гача масжидлар яқинидаги йўллар транспорт воситалари ҳаракати учун ёпилди. Шу кўчалар орқали юрадиган автобуслар ҳам йўналишини вақтинча ўзгартирди. Ҳолатга қараб, намозхонлар сони кўпайиб кетган тақдирда масжидга туташган бошқа йўллар ҳам ёпилиши мумкин.

Фарғона шаҳридаги «Аҳмаджон қори» жоме масжидида таровиҳ намози.

Фото: «Дарё» / Азизжон Эрматов

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ойи билан табриклади. Бу унинг Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрган вақтида бўлди. «Рамазон ойи – эзгу ниятлар ижобат бўладиган муқаддас ой...» деди президент.

Рамазоннинг биринчи жумасида масжидлар намозхонлар билан тўлиб-тошди. Рамазон ойига яқин мамлакатнинг турли ҳудудларида янги масжидлар очилди. Хусусан, Самарқандда учта, Сирдарёда эса битта янги масжид очилди. Навоий вилояти Конимех туманида эса аҳоли Президентдан 2019 йил қурилишини сўраган «Мих ота» масжиди қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизнинг турли масжидларида ўқилаётган илк жума намозларининг суратларини ушбу мақолада томоша қилинг. Унда Намангандаги «Афсоналар водийси»да янгича услубда қурилган масжиддан фотолавҳалар ҳам бор. Таровеҳлар ҳам рисоладагидек адо этилмоқда. Аммо охирги кунларда коронавируснинг янги-янги штаммлари учраётган сабабли таровиҳ намозларида 65 ёшдан катталар ва мактаб ўқувчиларининг иштирок этмаслиги тавсия қилинди.

Рамазон ширин ўтиши учун Саудия Арабистони Ўзбекистонга 50 тонна хурмо совға қилгани ҳақида хабар берилган эди. «Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати ушбу хурмолар республика бўйлаб муҳтожларга беғараз хайрия қилинаётганини маълум қилди.

*                      *                      *

Илгари ўқувчиларнинг шиори «Ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш» бўлса, бугунги амалдорларимизнинг шиори «Непотизм, лоббизм ва танишбилишизм». Қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор «Трест-12» компанияси Мустақиллик майдонидаги 431,5 млрд сўмлик лойиҳа пудратчиси сифатида танланди.

Фото: «Gazeta.uz»

Компания таъсисчилари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси ҳам бор. Бу фирма 10 йил ичида 800 миллион доллардан ортиқ қийматдаги қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарган. Улар орасида йирик давлат буюртмалари ҳам талайгина: Вазирлар Маҳкамаси, Сенат, Молия вазирлиги бинолари, «Бунёдкор» стадиони ва Ислом цивилизацияси маркази шулар жумласидан. Охирги лойиҳалар орасида компания тендерсиз бош пудратчи этиб белгиланган Ислом цивилизацияси маркази қурилишини кўрсатиш мумкин. 2020 йил октябрь ҳолатига лойиҳа қиймати 988,2 миллиард сўм деб баҳоланган (жумладан, тадбиркор Алишер Усмонов ҳисобидан ҳам молиялаштирилган).

Тошкентда 431 миллиард сўмлик давлат буюртмаси қурилиш вазири Ботир Зокировга алоқадор компанияга тендерсиз берилгани маълум бўлгач, Аксил коррупция агентлиги бошқарма бошлиғи Зуҳриддин Қодиров бу масала юзасидан ўрганишлар бошланганини айтди, деб ёзмоқда «Kun.uz». Қурилиш вазири Ботир Зокиров бўлса: «Трест-12» компаниясига мен ёки оиламнинг умуман алоқаси йўқ», деб айтди. Вазирнинг батафсил баёнотини ва мақола остидаги изоҳларни ўқиб, ўзингиз хулоса қилинг.

*                      *                      *

Ниҳоят талабаларнинг кўчасида ҳам байрам бўладиган кўринади. Президент ижарада яшайдиган талабалар учун Ҳукумат дастури тайёрланаётганини маълум қилди.  Бугунги кунда 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабалари ижарада яшамоқда. Уларга майдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади. Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шунингдек, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади. Навбатдаги ўқув йилида бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, 4.4 триллион сўм маблағ янги ётоқхоналар қурилишига йўналтирилади.

*                      *                      *

Бу ҳафта президент Самарқанд вилоятида бўлди. Самарқанд халқаро аэропортидаги қурилиш ишларини кўздан кечирди. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди ва шу ердан туриб, Ўзбекистон халқини Рамазон билан қутлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан кейин Шавкат Мирзиёев шаҳардаги кўп қаватли уйларни кўздан кечирди, туризм марказига борди, биринчи президент Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Самарқанд вилояти маркази Гулободга кўчирилиши ҳақида гап очиб, Самарқанд миллионли шаҳарга айланишига тўхталди. Бундан ташқари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон томонидан амалга оширилаётган Мозори-Шариф—Кобул—Пешовар темир йўлини қуриш лойиҳасининг аҳамияти ҳақида гапирди: Агар 27 йил ичида биз Хитой ёки бошқа бир Осиё мамлакатига темир йўл қурганимизда, экспорт қилинадиган маҳсулотларимиз нархи 60-70 фоизга арзонроқ бўлар эди. Президентнинг айтишича, Ўзбекистонга экспорт қилишда ҳалигача Россия ёки Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келмоқда. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Трансафғон темир йўли қурилиши бошлангандан сўнг Ўзбекистон ўз экспорт бозорларини диверсификация қилади, қўшни давлатлар эса Ўзбекистон маҳсулотлари учун транзит тарифларини пасайтиради. Мана – Афғонистон билан дўстлашув нима учун керак.

*                      *                      *

Келинг, Олмалиқдаги хунук воқеани ҳам дайжестимизга қўшиб кетайлик. Яқинда Telegram каналларда Олмалиқда йўл четида сотувчилик билан кун кўрадиган аёлни митти боласининг кўз ўнгида солиқчилар буюмларини тортиб олаётгани видеоси тарқалди. Баайни бу воқеа икки аср муқаддам содир бўлгандек. Хоннинг баджаҳл ўлпончилари камбағалнинг боласи чирқирашига қарамасдан бор будини йиғиштириб чиқиб кетгани тасвирини китобларда ўқиганмиз, тарихий киноларда кўрганмиз. Худди шунақаси 3-4 кун аввал содир бўлди.

Видео тарқалиши биланоқ Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев онлайн муносабат билдириб «Ушбу видеомурожаатни зудлик билан ёзишимга куни кеча ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳрида содир бўлган нохуш ҳодиса сабаб бўлди. Бу биз учун жуда уятли, бизнинг шаънимизга, умуман солиқ хизматининг вазифаларига тўғри келмайдиган ҳодиса юз берган», — деди ва узр сўради. Кўп ўтмасдан сотувчи аёлнинг буюмларини тортиб олган солиқчилар ишдан бўшатилиб унвонлари бекор қилинди. Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитасининг 11 нафар ходими ишдан бўшатилди ва Тошкент вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғига ҳамда Олмалиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғига ҳайфсан берилди.

*                      *                      *

Коронавирус мавзусига қайтамиз. Минг афсуски, баттол вирус худди аждаҳо каби бир бошини кесса, қолганлари ўсиб чиқиб халқимизнинг тинкасини қуритмоқда. Коронавирусни юқтирганлар сони кунлик 300 дан ошиб бориши ортидан Бош вазир Абдулла Арипов раислигида коронавирусга қарши кураш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Ҳукумат раҳбарининг айтишича, Ўзбекистонда вируснинг «африканча» штамми ҳам аниқланган.

Абдулла Ариповнинг маълум қилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам ҳозирги пандемия ҳолатидан безовта бўлиб, Республика махсус комиссиясига эътироз билдирган, жойларда карантин тадбирларини ташкил этишда тегишли чоралар кўрилмаётганини таъкидлаган.

18 апрелдан карантин қоидаларига амал қилинишини назорат қилиш янада кучайтирилди. Боғча ва мактабларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, уларнинг фаолиятини зудлик билан тўхташиш ва 2 ҳафтага карантинга олиш белгиланди. Ушбу вақт мобайнида улар онлайн тартибида фаолият юритади. Рамазон ойида таровиҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни имкон қадар оила даврасида ёки иштирокчилар сони чекланган ҳолатда ўтказиш зарурлиги белгиланди. Бундан ташқари умумий овқатланиш муассасаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади, лекин 100 кишидан ошмаслиги назорат қилинади. Автобусларда ўриндиқлар 50 фоизгача чекланади, автобуслар сони кўпайтирилади. 1 майдан бошлаб концерт томоша дастурларини ёпиқ маданият саройларида ўтказиш тўхтатилади, деб ёзмоқда davletovuz. Бир сўз билан айтганда бўшаб кетган гайкалар яна қотирилади. Бу чораларнинг ҳаммаси саломатлигимиз учундир.

Фото: «Дарё»

Дайжестимиз сўнгида бир қизиқ воқеага эътиборингизни қаратмоқчимиз. Биринчи президент Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмайди», деган қараши давлатимиз сиёсатини ифодалаши сир эмас (яъни табақалашувга йўл қўйилмайди). Шу боисдан Ўзбекистонда яшовчи бизнесменлар ва умуман пулдорлар ўз бойлиги миқдорини бирор ерда ошкор этмаган. Аммо ўтган ҳафта Murad Buildings асосчиси Мурод Назаров ўз бойлиги миқдорини айтди. Мурод Назаровнинг жами бойлиги компаниялар акциялари ва бошқа активларни қўшиб айтганда 50 миллион долларга бораркан. Аслида, мамлакатимизда Назаровдан ҳам бадавлатроқ инсонлар йўқ эмас, аммо улар ҳозиргача сипо режимни ёқиб келмоқда. Назаров бойлиги миқдорини ошкор қилган биринчиси бўлди. Келинг, тан олайлик — табақалашув бор. Фақат буни тараққий этган мамлакатларидаги каби маданий кўринишга келтириш – асосий масала.

Шу билан дайжестимиз тугади, «Дарё»да қолинг, карантин қоидаларига риоя қилинг.