ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ижтимоий тармоқда «Андижонда ГАИ ходимлари билан жанжал» сарлавҳаси остида тарқалган видеолавҳага муносабат билдирди.
9 апрель куни соат 19:30 ларда, Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Маҳмудов томонидан Андижон шаҳар Чўлпоншоҳ кўчасида Nexia-3 русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ён ойналари тегишли рухсатномасиз, олд ойнаси эса тусини ўзгартириш мумкин бўлмаса-да туси ўзгартирилгани («тонировка») аниқланган.
Белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилиши вақтида 29 ёшли ҳайдовчи А.Ш.нинг ЙПХ ходимига кўрсатган фаол қаршилиги атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган.
ППХ ва Миллий гвардия ходимлари ёрдамида юзага келган низоли вазият бартараф этилиб, ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда қоидабузар автоблогерни чора кўрмай қўйиб юборган ЙПХ ходими ва унинг бошлиғига чора кўрилгани, Инстаблогер Дониёр Қаюмовнинг Malibu’си рухсатсиз «тонировка» қилингани учун жарима майдончасига олиб кетилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)