Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида уйида эшак сўйиб, унинг гўштини сотиш билан шуғулланган фуқаролар аниқланди. Бу ҳақда вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 апрель куни Қарши шаҳар «Арабхона» МФЙ Янгибоғ кўчасида яшовчи фуқаро Х.Ш.нинг хонадонида эшакларни фуқаро Х.Ж. сўяётгани вилоят ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ва Қарши шаҳар ИИО ФМБ ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида аниқланган.
Текширув давомида хонадондан бўғизланган эшаклар ва унинг ажратилган терилари, уйнинг хоналаридан бирида эшак гўшти деб гумонланган сўйилган лаҳм гўшт маҳсулотлари, 20 дона тирик эшак ички ишлар органлари ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Ушбу ҳайвонлардан қандай мақсадда фойдаланиши ҳақида фуқаро билан суриштирув ишлари олиб борилганда, эшак гўштини сотиш мақсадида сўйишини маълум қилган.
Қарши шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига олинган лаҳм гўшт маҳсулотларини яроқли ёки яроқсизлигини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган. Бўлимнинг Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ветеринария-санитария экспертиза лабораторияси томонидан берилган экспертиза хулосасида гўшт маҳсулотлари истеъмолга яроқсизлиги маълум қилинган.
Натижада олинган лаҳм гўшт ва терилар белгиланган тартибда йўқ қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. «Текширув натижаларига кўра, қўшимча маълумот эълон қилинади», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)