«Orient Finans» ХАТБ кредит рейтингининг «Барқарор» прогнози билан «B» даражасидан «B+» даражасигача оширилиши, банк томонидан пандемия шароитида муаммоли активлар бўйича захираларни шакллантириш учун харажатлар меъёрида бўлиши таъминлангани ва банк капитали мувозанатли бошқарилгани билан изоҳланади.
S&P Global Ratings фикрига кўра, «Orient Finans» ХАТБ давлатга тегишли бўлмаган ва молиявий хизматлар бозорида унчалик катта улушни эгалламаган банк бўлишига қарамасдан, Ўзбекистондаги кичик ва ўрта банклардан фарқли равишда корпоратив мижозларнинг кенг базасига эга. Банк Вазирлар Маҳкамасининг ташаббусидаги йирик лойиҳаларни молиялаштиришда фаол иштирок этади. Ушбу лойиҳаларга ажратилган кредитларнинг сифати эса ижобий эканлиги билан ажралиб туришини таъкидлаб ўтиш жоиз.
«Orient Finans» ХАТБ ликвидлилик кўрсаткичларига муносиб баҳо берилди. 2021 йил 1 март ҳолатига кўра, ликвидли активларнинг жами активлардаги улуши қарийб 21,5 фоизни ташкил этди ва бу Ўзбекистон банкларига нисбатан таққослаганда юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ўтган бир неча ойлар давомида эса банк активларида салбий ўзгаришлар кузатилмади.
«Барқарор» прогнозининг берилиши «Orient Finans ХАТБ етарли капитал захираларига эга эканлиги ва даромадни ошириш салоҳияти юқорилиги билан яқин 12—18 ой давомида ўзининг кредитлаш имкониятини етарлича таъминлаб тура олишини англатади.
S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлигининг таҳлилчилари томонидан COVID-19 пандемияси шароитида ҳам Ўзбекистон банк тизимининг кўрсаткичлари барқарор даражада сақланиб қолинаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётига COVID-19 пандемиясининг салбий таъсирини олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриб борилаётгани кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиёти ва унинг тармоқларига пандемиянинг салбий таъсирини юмшатишга кўмак бермоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида.
Изоҳ (0)