Ўзбекистон Президентининг «Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони билан кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш тартиби тасдиқланди, деб хабар беради ЎзА.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) таркибида жами ўриндиқлар сони 250 тадан ва кинозаллари сони 3 тадан кам бўлмаган савдо-кўнгилочар комплексларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 25 сотих ер майдонлари бепул ажратилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 тадан кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади.

2024 йил 1 январга қадар кинотеатр (кинозал)лар муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконини берувчи рақамли (DSP ва ундан юқори форматдаги) кино намойиши қурилмалари билан жиҳозланган тақдирда уларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта қурилма учун 50 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Янги ташкил этилган кинотеатрларга улар фаолиятининг дастлабки уч ойи давомида Кинематография агентлиги буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган миллий фильмлар бепул етказиб берилади.

Вилоятлар ҳокимликларига 2021 йил 1 июнга қадар ҳар бир туман марказларида битта, шаҳар марказларида иккита кинотеатрлари мавжуд савдо-кўнгилочар комплекслари ташкил этиш учун ер майдонларини ажратиш, 15 июлга қадар ажратилган ер майдонларига инвесторларни жалб этиш учун очиқ танлов ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш мажбурияти юкланган.

2021 йил 1 декабрга қадар фильмларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи ва сотилган ҳар бир чиптага доир ҳаққоний маълумот билан тезкор таъминловчи республикада фаолият юритаётган кинотеатрлар фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизимининг ишлаб чиқиш, 2022 йил 1 майга қадар ахборот тизимини тўлиқ синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази ҳузурида ахборот-мультимедиа стриминг платформаси ташкил этилади.