Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот котиби Шерзод Асадов 9 апрель, жума куни Миллий матбуот марказида ўтказилган брифингда келгуси ҳафтада давлат раҳбари иштирок этадиган халқаро тадбирлар ҳақида маълумот берди, дея хабар қилмоқда «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, 13—14 апрель кунлари Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линденинг Ўзбекистонга ташриф буюриши кутилмоқда. Линде хоним Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилиниши режалаштирилган.
«Ўзбекистонда ЕХҲТнинг ваколатхонаси 25 йилдан ортиқ вақтдан буён фаолият кўрсатиб келаётгани ушбу нуфузли ташкилотнинг Ўзбекистон билан динамик ва очиқ алоқаларидан далолатдир. Ушбу шериклик кейинги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мутлақо янги даражага кўтарилди.
Мамлакатимиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кўзланган янгиланишларни фаол илгари суришда ушбу муҳим минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни кенгайтиришга қатъий интилади.
Ўзбекистон билан Швеция ўртасида барча соҳаларда конструктив мулоқот ва ўзаро манфаатли муносабатлар мустаҳкамланиб келмоқда. Бу алоқалар, айниқса, сўнгги йилларда фаоллашиб, 2020 йил ноябрда ва 2021 йил февралда сиёсий машалаҳатлашувлар ўтказилди. Анн Кристин Линденинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаради», — деди Асадов.
Мавзуга доир:
- Шерзод Асадов мазкур ҳафтада Шавкат Мирзиёев қатнашадиган халқаро тадбирлар ҳақида маълумот берди
- «Танқидий хабарлар жавобсиз қоляпти» — Президент матбуот котиби
- ЕХҲТ: Ўзбекистонда 2019 йили ўтказилган парламент сайловлари ҳақиқий рақобатни намойиш этмади
- Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги маҳкумларга инсонпарварлик ёрдамини юборди
Изоҳ (0)