Фарғона вилоятининг Бағдод туманида бир туп чинор дарахтини ўзбошимчалик билан кесган фуқарога табиатга етказилган зарар учун 47 миллион 775 минг сўм жарима ёзилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, Бағдод туманининг «Қоровултепа» маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган фуқаро Д.Э. тегишли ташкилот рухсатисиз шу қишлоқдаги кўп йиллик чинор дарахтини кесиб ташлаган.
Бу ҳолат вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Бағдод тумани инспекцияси давлат инспекторлари томонидан 2021 йилнинг 2 апрель куни аниқланган.
Ҳолат юзасидан Д.Э.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми (дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш)га асосан 1 миллион 225 минг сўм маъмурий ҳамда 47 миллион 775 минг сўм миқдорида ўсимлик дунёсига етказилган зарар сифатида жарима ҳисобланган. Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судга тақдим қилинган. Фуқаронинг айби исботланса, у 49 миллион сўм жарима тўлайди.
Изоҳ (0)