Бухоро туманида мансабдор танишлари орқали 41 минг 500 доллар эвазига 4 гектар ер олиб беришни ваъда қилган шахс олдиндан 1000 доллар олаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими, ДХХ ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигидаги тадбирда фош этилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Бухоро туманидаги Чехонча қишлоғида яшовчи, вилоят ер ресурслари кадастри собиқ мутахассиси, фуқаро А.А. Бухоро шаҳрида яшовчи 31 ёшли Ҳ.Ч.га маҳалла ҳудудидаги фермер хўжалиги ҳисобида бўлган боғдорчилик учун мўлжалланган 4 гектар ер майдонини иссиқхона қуриш учун олиб беришни ваъда қилган. Ва А.А. бу ишни ваколатли мансабдор танишлари орқали амалга оширишга уни ишонтирган ҳамда келишилган пулдан 1000 долларини олдиндан тўлаш талабини қўйган.
ДХХ ҳамда Миллий гвардиянинг вилоят бошқармаси ҳамда департаментнинг туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.А. Бухоро туманидаги «Паризод» савдо мажмуаси ёнида Ҳ.Ч.дан келишилган пулнинг 1000 долларини олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг Бухоро туман бўлими томонидан фуқаро А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)