Uzbekistan Airports АЖ 15 апрелдан ҳаво кемаларига хизмат кўрсатиш учун йиғим ва тарифларни пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар қилмоқда.
Қайд этилишича, асосий йиғим ва тарифлар ўртача 27 фоизга пасайтирилиб, Ўзбекистон аэропортларига мунтазам йўловчи рейсларини бажарадиган хорижий авиакомпаниялар учун қўлланилади.
Пасайтирилган йиғим ва тарифлар халқаро авиация маълумотномаларида эълон қилинди. Бу билан Фуқаро авиацияси халқаро ташкилотига аъзо бўлган 190 дан ортиқ мамлакат ва AIPдан фойдаланувчи барча авиакомпаниялар Ўзбекистон аэропортларида қўлланиладиган тарифлар ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши учун имконият яратилди.
«Қабул қилинган қарор Ўзбекистон аэропортларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, туризмни ривожлантириш ва ишлар самарадорлигини рағбатлантириш, аҳоли учун ҳаво транспортидаги ташишларни янада арзон қилиш учун замин яратади», — дейди Uzbekistan Airports АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
Бундан аввал Ўзбекистондаги аэропортлар давлат-хусусий шериклик асосида реконструкция қилингани, Навоий халқаро аэропорти МДҲдаги «Энг яхши аэропорт—2020» танлови ғолиби бўлгани ҳамда Uzbekistan Airways багаж ташиш қоидаларини ўзгартиргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)