Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида яшовчи фуқаро банк бошқарувчисига кредит маблағларини тезроқ чиқартириш учун пора бераётганда қўлга олинди. Ҳолат ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Қоракўл туманидаги «Мироб» МФЙда яшовчи фуқаро В.П. турмуш ўртоғи Н.Н.нинг номига чорва моллари олиш учун кредит маблағларини тезроқ чиқартиришни кўзлаб, АТ «Агробанк» Қоракўл туман филиали бошқарувчиси билан келишишни режа қилган. Масъул фуқарога барча ҳужжатлар тайёр бўлгач, кредит ажратиш масаласи муаммосиз ҳал бўлишини тушунтиришига қарамасдан, фуқаро кредит маблағларини тезроқ чиқартиришни сўраган ва унга пора тариқасида 100 доллар берган. Ва шу пайтда туман ИИБ ва департаментнинг туман бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қоракўл тумани бўлими томонидан фуқаро В.П.га нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда суриштирув ишлари бошлаб юборилган.
Қайд этиш лозимки, ушбу модда билан айбланган фуқаронинг айби тасдиқланса, у базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жаримага тортилиши ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
Изоҳ (0)