1901 йилнинг 31 мартида Mercedes номли биринчи Автомобиль ишлаб чиқарилган эди. «Дарё» шу кун муносабати билан Mercedes-Benz тарихига назар солади. Извошга ўхшатиб яратилган автомобиль 120 йил ўтиб қанчалик ўзгарганини қаранг.
Mercedes-Benz Daimler АG концерни таркибидаги премиал автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниядир. Германиянинг энг машҳур автокомпаниялари учлигидан мустаҳкам ўрин олган. Дунёдаги энг таниқли Автомобиль компанияларидан бири. Қуйида ўтган асрнинг биринчи йилида илк Mercedes ишлаб чиқарилгунига қадар ўтган даврни эслаймиз.
Бундан 2 аср илгари Бенз ва Daimler номли автокомпаниялар бор эди. 1926 йилгача улар алоҳида ривожланган, ўша йили эса бирлашиб, Daimler-Benz концернини ташкил қилган.
1886 йилда немис автосаноатининг оталаридан бўлган Карл Бенс бензинда ишловчи биринчи ички ёнув двигателли уч ғилдиракли автомобилни ясагач, Бенз маркаси дунёга келган.
Карл Бенс машинасозлик билан жиддий шуғулланган истеъдодли олим эди. 1878 йилга бориб Карл Бенс икки тактли двигателни ишлаб чиқди. 1879 йилнинг бошида биринчи мотор унинг қўлида эди.
1886 йилда Бенс уч ғилдиракли автомобилга патент олади. Горизонтал бир цилиндрли тўрт тактли двигателнинг вазни 100 кг атрофида бўлиб, ўз даври учун жуда енгил эди. Двигатель ҳажми 954 сантиметр куб, дақиқасига 400 марта айланганда қуввати 0,55 кВт (1 от кучи ҳам эмас) бўлган. Унда тирсакли вал, электрдан ўт олиш, сув билан совитиш каби ҳозирги ички ёнув двигателига хос элементлар бор эди. Машиналарнинг «бобоси» юз километрга ўн литрча бензин сарф қилган.
1893 йилга келиб «Бенз» фирмаси биринчи тўрт ғилдиракли автомобилини ишлаб чиқарди. У уч ғилдиракли конструкция асосида ясалган, аммо пишиқ, чидамли ва ҳаммабоп эди. Аста-секинлик билан Бенс автомобилига икки цилиндрли мотор ўрнатди. Аср алмашадиган пайтга келиб унинг фирмаси молиявий қийинчиликка учради, шу боис француз ва немис инженерлари таклиф қилинди. Шундан кейин автомобилларга тўрт цилиндрли моторлар ўрнатиладиган бўлди, фирманинг иши эса илдамлаб кетди.
1909 йилда Blitzen Benz пойга автомобили ишлаб чиқарилди. Унинг аэродинамикаси такомиллашган, 21 500 сантиметр кубли ва 200 от кучига эга двигатели бор эди.
Келинг, энди «Даймлер» ҳақида тўхталамиз. Daimler-Motoren-Gesellschaft компаниясини 1890 йилда Готлиб Даймлер ташкил қилган. У тажрибасига таяниб дарҳол 4 ғилдиракли машина чиқаришни бошлади. Машинани шахсан Даймлер ва конструктор Вилгелм Майбахлар лойиҳалаштирган. «Даймлер» автомобиллари яхши сотилди.
1901 йилда Mercedes-35hp (немисчаси Mercedes 35 PS, Pferdestärke - «от кучи») автомобили яратилди. Унинг қувватини номига қараб билиш мумкин эди. Ана шу автомобиль ҳозирги автомобилларнинг биринчи аждоди ҳисобланади. Уни, даставвал, пойга учун мўлжаллашган, кейин эса оммабоплашиб кетган.
Компания бошлиқлари автомобиль учун марҳаматли Авлиё Мария номининг французчасини танлаб, Maria de las Mercedes деб номлашди. Айримлар эса Mercedes номи австриялик бизнесменнинг суюкли қизи номига қўйилган дейди.
Mercedes-35hp’нинг тезлиги соатига 75 км/соат бўлиб, ўша давр ўлчовида олсак, яшин тезлигидек эди. Шундай қилиб, кўпчилик машина ихлосмандларининг орзуси бўлмиш Mercedes номли автомобиль ишлаб чиқарилганига бугун 120 йил тўлди. Mercedes-Benz компанияси ҳақида эса кейинроқ ҳикоя қиламиз.
Шукуржон Исломов тайёрлади.
Изоҳ (0)