Россия президенти Владимир Путин Германия канцлери Ангела Меркель ва Франция президенти Эммануэль Макрон билан видеоконференцалоқа орқали музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Кремлнинг маълумотига таяниб, Meduza хабар берди.
Макрон матбуот хизматида айтилишича, Германия ва Франция раҳбарлари Путиннинг эътиборини Россия мухолифати раҳбари Алексей Навальнийнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва «соғлиғини асраш» зарурлигига қаратган. «Уларга Навальний ишининг объектив ҳолатлари тўғрисида тегишли тушунтиришлар берилди», — дейилади Кремль веб-сайтида.
Шунингдек, Путин, Меркель ва Макрон коронавирусга қарши Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтказиш ушбу препаратни Евроиттифоқ мамлакатларида ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш истиқболларини муҳокама қилди.
Бундан ташқари, уч мамлакат раҳбарлари Украина, Беларусь, Ливия ва Суриядаги вазиятлар ҳақида суҳбатлашди. «Умуман олганда, музокаралар амалий ва самимий муҳитда ўтди, кун тартибидаги барча долзарб ҳамкорлик ишларини давом эттиришга келишиб олинди», — дейилади Кремль баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Навальний Россиянинг Владимир вилоятидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясида жазо ўтамоқда. Аввалроқ Навальнийнинг адвокатлари колонияда сиёсатчининг соғлиғи ёмонлашиб, елкаси, сўнг оёғи оғриб қолгани, аммо унга керакли тиббий ёрдам кўрсатилмагани ҳақида хабар берган. Федерал жазони ижро этиш хизмати, ўз навбатида, Навальнийнинг аҳволини «барқарор ва қониқарли деб баҳолаганини» маълум қилган.
Навальний, шунингдек, тергов ҳибсхонасидаги каби бу ерда ҳам «қочишга мойил» мақомини олгани, тунда оғриқлардан ҳар соатда уйғонишини таъкидлаган.
Маълумот учун, 4 март куни Европа дори-дармон агентлиги (ЭМА) «Спутник V» вакцинасини Евроиттифоқ ҳудудида фойдаланиш учун баҳолашни бошлади. 24 март куни Германия ЭМА тасдиғини кутмасдан «Спутник V» вакцинасини сотиб олишни бошлаш учун музокараларга чақирди. Аммо Евроиттифоқда Россия вакцинасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида якдил фикр мавжуд эмас. Путиннинг таъкидлашича, Россия Евроиттифоқни вакцинасидан фойдаланишга «мажбурламайди».
Изоҳ (0)