Ҳар қандай касаллик руҳан синиш, тушкунликка тушиш ва мақсадлар учун интилмасликка сабаб бўла олмайди. Бунга мақолада номи келтирилган машҳурларнинг ҳаёти яққол мисол бўла олади.

Белла Ҳадид

Фото: Vogue

Машҳур модель кана орқали юқадиган инфексион касаллик — Лаймадан азият чекади. Ташхис унга 2012 йилда қўйилган, аммо 2015 йилга келиб касалликка хос белгиларни ҳис қила бошлаган. Қизиғи шундаки, гендан ўтмаслиги, қариндошларидан юқиши мумкин эмаслигига қарамай, оиласида укаси Анвар ва онаси Иоланда ҳам Лаймадан азият чекади. Касаллик сурункали чарчоқ, доимий равишдаги бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, шунингдек, суяклар оғриши билан кузатилади. Белла оддий турмуш тарзини кечириш у учун нақадар оғир эканлигини бир неча марта таъкидлаган.

Дэвид Бекхэм

Фото: Vogue

2009 йилда машҳур футболчининг астмадан азият чекиши маълум бўлган: у ўйин вақтида скамейкага ўтириб, ингалятордан фойдаланган. Авваллари футболчиларга астма ташхиси қўйилиши унинг карьерасига салбий таъсир қилиши мумкин эди. Дэвид болалигиданоқ астмадан азият чеккан. У ҳеч қачон касаллигини оммага намойиш қилишни истамаган. Унинг агенти Бекхэм узоқ вақт давомида ташхисни яширганидан ҳайратланган.

Селена Гомес

Фото: Vogue

2014 йилда Селенанинг карьерасида танаффус кузатилган. Мухлислар узоқ вақт бунинг боисини била олмаган, кейинроқ хонанданинг ўзи ҳақиқатни ошкор қилишга қарор қилган. Маълум бўлишича, Гомес волчанка (тери силининг бир тури) ташхиси қўйилганидан кейин жиддий даволанишига тўғри келган. Кейинроқ эса унга буйрак кўчириб ўтказилган.

Майкл Жей Фокс

Фото: Vogue

«Ўтмишга қайтиб» фильмининг юлдузига 29 ёшида Паркинсон касаллиги ташхиси қўйилган. Карьера борасида айни омади чопаётган бир вақтда актёр симптомларга жиддий эътибор бермаган, аммо бора-бора вазият назоратдан чиққан. Касалликни яширишдан маъно йўқлигини тушуниб етган Майкл барчанинг олдида буни тан олишига тўғри келган. Кейинроқ Фокс айнан мазкур касаллик спиртли ичимликка қарши курашишга ёрдам берганини маълум қилган.

Ким Кардашьян

Фото: Vogue

Бундан бир неча йил аввал Кимнинг сурункали тери касаллиги —псориаздан азият чекиши маълум бўлган. Ўз ташхиси ҳақида у оилавий телешоунинг жонли эфирида эълон қилган. У оиласида онасидан касаллик ўтган ягона фарзандлигини ва симптомлар 25 ёшида намоён бўла бошлаганини таъкидлаган. Кардашьяндан ташқари, Бритни Спирс ва Кара Делевин ҳам ушбу касалликдан азият чекади.