Американинг Техас штатида истиқомат қилувчи Эрик Дион Уоррен исмли шахс янги BMW харид қилишни шу қадар хоҳлагани учун банкни ўмаришга қарор қилди. Ўйлаган режасини амалга ошириш мақсадида 50 ёшли эркак ўзига ёққан моделни тест-драйв учун олган ва унда банкка қараб йўл олган, деб хабар беради Motor.
Ўғирлик содир этилишидан аввал Эрик Дион Уоррен BMW’нинг дилерлик марказига келган ва синовдан ўтказиш учун автомобилни олган. Муассасага кирган эркак кассирга ўқотар қурол билан таҳдид қилиб, 100 ва 50 долларли номиналдаги купюраларда 10 минг доллар беришини талаб қилган. Босқинчи ўз талабини қоғозга ёзиб кўрсатган. Пулларни олгач эркак автосалонга қайтиб борган ва BMW учун дастлабки тўловни амалга оширган.
Бироқ яхши ўйланмаган режа ўзини оқламаган. Банк ходими ўғрига берилган пуллар ичига белги қўйилган 20 долларли купюраларни ҳам қўшиб юборишга улгурган. Эрик Дион Уоррен дилерлик марказида битимни расмийлаштиришни жуда тезлаштиргани сабаб жиноят жойида бармоқ изи мавжуд варақни қолдириб кетган. Бундан ташқари, эркак ўзи ҳаракатланган BMW’нинг жиноят жойида бўлгани ҳисобга олинишини эътибордан қочирган.
Полициячилар жиноятчини автосалоннинг ўзида ҳибсга олган. 50 ёшли Эрик Дион Уоррен 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Флоридада 26 ёшли йигит интернетдаги қўлланмалар бўйича банкка ўғриликка тушгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)