Австралиялик қиз ижтимоий тармоқларга тўртта панжасида ҳаракатланаётган кенгурунинг видеосини жойлаштириб, кўплаб фойдаланувчиларни энг қўрқинчли ҳолатлар ва тушларини ёдга олишга мажбур қилди, деб ёзади Esquire.
Кети исмли қиз TikTok’даги саҳифасига иш жойи яқинида юрадиган кенгурунинг роликларни тез-тез жойлаштириб туради. 9 март куни у интернетда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган роликни жойлаштирган. У ҳозирга қадар 527 минг мартадан ортиқ кўрилган, 102 мингдан ортиқ лайк тўплаган ва видео остига кўплаб изоҳ қолдирилган.
Кенгурунинг тўрт оёқда ҳаракатланиши бошқа тўрт оёқлиларникидан фарқ қилади. Видеода у орқа панжаларига таянган ҳолда секин энгашганини кўриш мумкин. Кети уни яхши ёритилмаган, тор коридорда видеога олгани сабаб тасвирда у худди ўзга сайёралик махлуқ ёки киборгга ўхшаб қолган.
Ролик остидаги изоҳларда тўрт панжасида ҳаракатланган кенгуру қўрқинчли фильмлардаги саҳналарга, шунингдек, Boston Dynamics’нинг роботларига қиёсланмоқда.
Аввалроқ Рига ҳайвонот боғига ташриф буюрувчилар орқаси билан иссиқ полда ётган кенгурунинг соғлиғидан хавотирланиб, полиция чақиргани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)