Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази илмий ходими Музаффар Мўминов Ўзбекистон ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ҳақида тарқалаётган миш-мишлар юзасидан изоҳ берди.

Фото: Telegram / «Vaksinauz»

— Нега ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси номида 2001 сони мавжуд. Вакцина ўша йилда ишлаб чиқарилганми?

— Бу сонларга нисбатан айрим инсонларда шубҳа уйғонгани рост. Хитойликлар ўзларининг 2001 йилдан қолган вакциналарини бизда синовдан ўтказишмоқчи, деганлар ҳам бўлди. Аксинча, вакцинада ўрин олган бу сонлар 2020 йилнинг биринчи ойи (01), яъни январь ойидан шу лойиҳа устида иш олиб борилганлигини англатади.

Лойиҳа 2020 йил учун дастлабки қадам бўлганлиги учун вакцина номида 2001 сони ёзилган. Ушбу сонни 2001 (икки минг бир) эмас балки 20/01 (йигирма/ноль бир) сифатида ўқилиши англашилмовчиликнинг олдини олади. Шу сабабли вакцинага «эскириб» қолган сифатида қарамаслик лозим, — деди Музаффар Мўминов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга қарши илк вакцина сифатида Хитойнинг Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилган вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Ўзбекистоннинг ҳиссаси ва саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, компания ZF 2001 вакцинани бирга яратган ҳаммуаллиф мамлакат сифатида белгилади. Ушбу янги вакцинани ZF-UZ-VAC 2001 номи билан ишлаб чиқариш ва фойдаланишга келишилган.

Вакцина коронавируснинг «британча» ва «африкача» штаммларига қарши Moderna вакцинасидан олти баробарга яхшироқ бўлиб чиққани маълум қилинган.

Хитой компанияси мазкур вакцинани ҳамкорликда ишлаб чиқариш учун Ўзбекистонда фаолият юритаётган бир қатор фармацевтика корхоналари фаолиятини ўрганиб, лаборатория ҳамда техник ва ишлаб чиқариш қувватларини инобатга олиб, Jurabek Laboratories МЧЖ қўшма корхонасини танлаган.

Ушбу вакцина 1 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Кейинроқ Ўзбекистон коронавирусга қарши 1 миллион доза ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасини сотиб олиш бўйича келишувга эришди.