Республикада фаолият юритувчи мавжуд 206 нафар вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг матбуот котиблари Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширишни бошлади, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, мазкур ўқув курси Президент администрацияси раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Дилноза Зиёмуҳаммедова ташаббуси билан ташкил этилган.
Таъкидланишича, ҳокимларнинг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчилари бугун, 9 март куни президент академиясида биринчи машғулотларни ўтамоқда.
«Биринчи машғулотни олиб борган президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоев ҳокимликларда ахборот хизмати ташкил этилишидан кўзланган мақсад ва матбуот котибларининг вазифалари ҳақида сўз юритди. Ва олдимизга қўйилган мақсадга эришишда биз — матбуот котибларининг ролимиз нақадар аҳамиятли эканлигини яна бир карра тушунтириб берди. Ўйлайманки, мазкур малака ошириш курслари бизнинг келгусидаги фаолиятимизда катта аҳамият касб этади», — дейди Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов.
Қўшимча қилинишича, мазкур малака ошириш курсларида журналист ва блогерлар, шунингдек, республикадаги давлат ташкилотларининг энг фаол матбуот котиблари ҳам иштирок этиб, уларга ўз тавсияларини беради.
Эслатиб ўтамиз, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов «Ҳудудлардаги матбуот котиблари ўқитилади, аммо карантин сабаб бу ортга сурилмоқда», деганди.
Мавзуга доир:
- «Интернетда танқид бўляпти, эътирозлар билдириляпти, лекин жавоб йўқ, муносабат йўқ». Сенатор айрим давлат ташкилотларининг ОАВ билан ишламаслигини танқид қилди
- «Ахборот хизмати раҳбарларининг уч-тўрт нафари фаол, қолганлари ҳам уйғониши керак». Зоир Мирзаев туман ва шаҳар ҳокимларининг матбуот котибларини фаолликка чақирди
- Нишон ҳокими матбуот котибига фаолиятида фойдаланиш учун иш қуроллари олиб беришга ваъда берди
Изоҳ (0)