Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Амирсой» тоғ-чанғи курорти 12 мартгача ёпилди. Бу ҳақда «Амирсой»нинг Telegram’даги саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, йўл қатнов қисмида кўчкининг олдини олиш мақсадида курортга олиб борадиган кириш йўлида таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган. Шу сабабли Амирсой Ресортъга олиб борувчи йўл ФВВ ва ЙҲХББ томонидан вақтинчалик ёпилади.
Курорт иши 9 мартдан 12 мартгача, ҳаракатланиш тиклангунга қадар тўхтатилади.
Айни пайтда «Шале» услубидаги ёғоч уйларда бўлиб турганлар учун ушбу уйлар ва Алпина ресторани, шунингдек, квадратцикллар ва снегоходлар ишлашда давом этади.
Маълумот учун, «Амирсой» тоғ-чанғи курорти мажмуаси 2019 йил 21 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида очилган. Курорт лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич 2019 йилнинг IV чорагида битказилган, «Ғарбий Амирсой» деб номланган иккинчи босқичи 2022 йилнинг III чорагида битказилиши режалаштирилган.
Ушбу тоғ-чанғи курорти мажмуаси ҳудудида тюбинг, пиёда саёҳатлар, қорда юриш учун махсус турлар, чана ва квадратциклда учишларни ўз ичига олган кўнгилочар зона ва махсус болалар ўйин майдончаси учун алоҳида ҳудудлар ташкил этилган.
2020 йилнинг февралида «Амирсой» тоғ-чанғи курортида қишки спорт турларининг тоғ-чанғи йўналиши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Изоҳ (0)