Нижний Новгород вилоятида Россиянинг биринчи хусусий космодромининг қурилиш лойиҳаси тўхтатилди. Бу ҳақда лойиҳа устида ишлаётган «Космокурс» хусусий космик компаниясининг бош директори Павел Пушкинга таяниб, Meduza хабар берди.
«РИА Новости» билан суҳбатда Пушкин бюрократик тўсиқлар ҳақида шикоят қилган. «Космодром иши бўйича ҳеч нарса ҳал бўлмаяпти. Ҳамма ишни бир-бирига ташлаяпти», — дейди у.
Унга кўра, бир йил олдин компания Нижний Новгород вилояти ҳокимияти билан космодромнинг санитария муҳофазаси зонасини мувофиқлаштириш тўғрисида келишиб олган. Тегишли лойиҳа «Роспотребнадзор»нинг Нижний Новгород институтига, кейин Федерал биотиббиёт агентлигига, ундан кейин Федерал «Роспотребнадзор»га юборилди. Компания раҳбари ҳеч қандай жавоб олинмаганини айтган.
Шунингдек, космик сайёҳлар учун суборбитал ракетани яратиш лойиҳаси бўйича ишлар ҳам тўхтатилган, дея хабар берган Пушкин «ТАСС» нашрига. Унинг сўзларига кўра, «Космокурс» икки йилдан буён лойиҳалаштириш учун Мудофаа вазирлигидан меъёрий ҳужжатларни ололмаяпти. Шунингдек, Пушкиннинг қайд этишича, ҳарбийлар «қонуний нуқтаи назардан тўғри гапиряпти», чунки Мудофаа вазирлиги «Космокурс» лойиҳаларининг буюртмачиси эмас.
Аввалроқ Марсга учишга мўлжалланган Starship ракетаси прототипи қўнганидан кейин портлаб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)