Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация 6 март куни Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Урганч аэропортида меҳмонни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Хабар қилинишича, Туркия делегацияси 6–9 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи давомида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари раислигидаги Стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.
Шунингдек, ташриф дастурида Хива ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилиш, Туркиянинг Самарқанд шаҳридаги Бош консулхонасининг очилиш маросимида иштирок этиш, Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларда учрашувлар ва музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.
Бундан аввал Туркиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси иш бошлагани ҳамда Анқарада Муҳаммад ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)