Фарғонада фуқаронинг катта миқдордаги пулларини алдов йўли билан ўзлаштириб, хорижга чиқиб кетган шахсга нисбатан жиноий иш очилди, дея хабар қилмоқда Тергов департаменти.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг июль ойидан декабрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида 31 ёшли Ҳ.Т. Қўқон шаҳрининг турли ҳудудларида таниши 38 ёшли К.И.га банк тизими пул ўтказмалари орқали пулларини айлантириб, кўп фойда олиши мумкинлигига қизиқтиради.
Шундан сўнг Ҳ.Т. К.И.дан жами 71 200 АҚШ доллар ва 1 миллиард 9 миллион 258 минг сўм пул маблағларини алдов йўли билан олиб, ушбу пулларни эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри бўйича ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ҳ.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик йўли билан жуда коְ’п миқдорда ўзганинг мулкига эга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари жараёнида аниқланишича, К.И. Қўқон шаҳрида жойлашган хусусий корхона раҳбари бўлиб, «Агробанк» Қўқон шаҳри филиали мижози эканлигини айтган. У ушбу банк ходими Ҳ.Т. билан анча йилдан бери таниш бўлиб, унга 20 000 АҚШ доллар қарз берганида, Ҳ.Т. ушбу пулларни банкка қўйиб фойда олишини айтиб, уни қизиқтириб бир ойлик фойданинг ярми деб бошланишига 2 250 000 сўм пул олиб келиб берган.
Кейинчалик Ҳ.Т. К.И.дан олган пуллари эвазига фойдаси деб жами 240 000 000 сўм пул маблағлари бериб, у ҳам қизиқиб янада кўпроқ пул бериб борган. Орадан маълум бир вақт ўтиб, Ҳ.Т. хорижга чиқиш паспортини олиб Қирғизистонга чиқиб кетиб қолган, ундан олган пулларини банкка қўймасдан эҳтиёжларига сарфлаб, бир қисмига ер участкаси сотиб олиб, бир қисмини таниш аёлига берган.
Ҳозирда Ҳ.Т.ни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Бундан аввал Тошкентда 15 минг доллар эвазига «Нархоз»га ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахс ушлангани, Жанубий Кореяга ишлаш учун юборишини ваъда қилиб, ўзбекистонликни 57 минг долларга чув туширган кореялик қўлга олингани ҳамда Тошкентда тадбиркорнинг 1,9 млрд сўмини қўлга киритган фирибгарга жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)