Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида 1 март куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биринчи ётоқхонаси талабалар учун очилди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур талабалар ётохонаси 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, улардан 150 таси ўғил болалар учун, 50 таси — қизлар учун. Ҳар бир турар жой қаватида истиқомат қилувчилар учун хоналар, шу жумладан, ўқув хоналари мавжуд.
Шунингдек, ётохона музлаткич, микротўлқинли печ, плита, овқатланиш хонаси каби барча керакли ускуналар билан жиҳозланган ошхоналар, ҳаммом, ҳожатхона, Wi-Fi нуқталари ва хавфсизлик тизими билан ҳам таъминланган.
Таъкидланишича, ётоқхона ички жиҳозланишини самарали ташкил этиш учун Инҳа университети (Жанубий Корея) тажрибаси биринчи марта қўлланилган.
Аввалроқ Тошкентнинг Юнусобод туманида беш нафар талаба ўлик ҳолда топилгани, улардан бири Инҳа университетининг 1-босқич талабаси эканлиги тўғрисида хабар берилган эди. Фожиадан сўнг ижарада яшаётган талабаларнинг шароитлари ўрганиладиган бўлди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2 март куни ўтказилган «Ҳукумат соати»да олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжи ҳақида сўз юритиб, ҳозирда республикада мавжуд 228 та талабалар турар жойида 58 минг нафар талаба истиқомат қилаётганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)