«Вақф» хайрия жамоат фонди коронавирусдан вафот этган Қўнғирот туманидаги «Ҳаким Сулаймон» жоме масжиди имом-ноибининг оиласига Нукусдан уч хонали уй совға қилди, деб хабар беради ЎзА.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан Қорақалпоғистон Республикасида Рамазон ойи арафасида қатор хайрия тадбирлари ўтказилмоқда.
Хусусан, Қўнғирот туманидаги «Ҳаким Сулаймон» жоме масжиди имом-ноиби, бир неча йил «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғинида масжид вакили бўлиб фаолият олиб борган, коронавирус пандемияси даврида вафот этган Муҳаммад Али Мамутовнинг оиласига ёрдам кўрастилди.
Таъкидланишича, марҳумнинг аёли ва уч нафар фарзанди ёлғиз қолган бўлиб, «Вақф» хайрия жамоат фонди ва ҳомийлар томонидан оилага Нукус шаҳридан барча қулайликларга эга уч хонали уй совға қилинган. Фарзандларига ҳам совғалар топширилган.
«Навбатдаги ташрифимиздан кўзланган мақсад, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, диний таълимни ривожлантириш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлашдан иборат. Бундан ташқари, ҳудуддаги ичимлик суви муаммосини ҳисобга олган ҳолда муборак Рамазон ойи арафасида чекка овуллардан 20 та қудуқ қазиб бермоқчимиз», – дейди «Вақф» хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси Яҳё Абдураҳмонов.
Хайрия тадбирлари халқимизга хос бўлган меҳр-мурувват ва инсонпарварлик каби азалий қадриятларимизнинг амалдаги ифодаси бўлди.
Мавзуга доир: Сардобадаги фалокатдан зарар етган масжидлар «Вақф» фонди маблағлари ҳисобига қайта қурилади ва таъмирланади