Тошкент вилоятининг Пискент туманида «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағини талон-торож қилинган фермер хўжалиги раҳбари ва бошқаларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Департаментнинг Пискент туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, «Т» фермер хўжалиги раҳбари Т.Д. ва акаси Т.И. «Ёшлар — келажагимиз» давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиш мақсадида «М» МЧЖни ташкил этган. Фермер хўжалиги ва ушбу жамият ўртасида наслли қўйларни харид қилиш бўйича шартнома тузиб, 1,3 миллиард сўм кредит маблағини фермер хўжалигига ўтказиш орқали нақдлаштириб, бюджетдан ажратилган жуда кўп миқдордаги имтиёзли кредит маблағини ўзлаштирган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ «Ёшлар — келажагимиз» жамғармасининг катта миқдордаги маблағини талон-торож қилган бош ҳисобчи ишдан олингани, Тошкентда банкоматларга жойлаштириш учун ажратилган 2,3 миллиард сўмни ўзлаштирган банк ходимлари ушлангани, Самарқанддаги корхона мансабдор шахслари салкам 12,5 миллиард сўмни талон-торож қилгани маълум бўлгани, Наманганда 25 нафар фуқарога ажратилган 669,4 миллион сўмни тадбиркор ва банк ходимлари талон-торож қилгани аниқлангани ҳақида хабарлар берилганди.
Изоҳ (0)