АҚШда 6 январь куни бўлиб ўтган штурмдан кейин Капитолийни таъмирлаш учун 30 миллион доллар талаб этилади. Конгресс биносида тарихий ҳайкаллар ва фрескаларга зарар етган. Бу ҳақда Капитолий архитектори Бретт Блентонга таяниб CBS News хабар берди.

Фото: Reuters

«Ҳайкаллар, фрескалар, тарихий ўриндиқлар ва асл нусхадаги дераза ромлари ҳар хил даражада зарар кўрган», — деди Блентон конгресс вакиллари палатасининг йиғилишида.

Унинг таъкидлашича, асосий зарар қалампир пуркагич ва бошқа кимёвий бирикмалардан фойдаланиш натижасида, шунингдек, ёнғинга қарши воситалардан фойдаланиш натижасида юзага келган.

Конгресс қуйи палатасининг қонун чиқарувчилари керакли маблағ ажратилишини маъқуллаган. Лекин Блентоннинг айтишича, таъмирлаш ишларига бундан ҳам кўпроқ маблағ талаб этилиши мумкин.

Шунингдек, бу пул синган ойналарни, эшик парчаларини, граффитиларни тозалаш ва конгресс хавфсизлигини таъминлаш учун керак бўлади.

Маълумот учун, Дональд Трампни қўллаб-қувватловчилар томонидан ташкил этилган «Американи қутқариш марши» номли норозилик намойиши иштирокчилари 6 январь куни пойтахт Вашингтондаги Капитолий биносига бостириб кирган эди. Трампни қўллаб-қувватлаш учун уюштирилган намойиш Капитолий штурми билан тугаган. Тўрт киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши тан жароҳати олган. Полиция ходимларидан бири воқеа қурбонига айланган.