Россия Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга кириб келиши, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилгани йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
16 февраль куни «Роспотребнадзор» авиақатнов тикланган мамлакатлардан келаётган хорижлик талабалар учун айрим талаблар эвазига ўқишига рухсат берган. Бунда талаба коронавирусга ПЗР усули билан икки марта – Россия ҳудудига кириб келишдан кўпи билан уч кун олдин ҳамда Россия ҳудудига кириб келгандан сўнг 72 соат мобайнида тест топшириши лозим.
Ўзбекистон ТИВнинг маълум қилишича, 16 февраль ҳолатига Россия Ўзбекистон фуқароларининг кириб келишлари, жумладан, ўқиш мақсадида келишлари учун ўрнатилган чекловларни бекор қилгани йўқ.
Шу муносабат билан, элчихона Россия олий ўқув юртларида таълим оладиган Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатга кириш ҳуқуқи бўлган фуқаролар тоифасига кирмаслигини яна бир маротаба эслатди.
Эслатиб ўтамиз, Россия таълим ва илм-фан вазирининг буйруғи билан 8 февралдан бошлаб ушбу вазирлик ҳузуридаги олий ўқув юртларида кундузги ўқиш жараёни бошланди. 2020 йилнинг 13 ноябридан буён талабалар масофавий тарзда ўқиётганди.
Россияда ўқишнинг бошланиши ўзбекистонлик талабаларнинг ушбу мамлакат ҳудудига кириши учун асос бўла олмаслиги ҳақида ТИВ аввал ҳам огоҳлантирганди.
Изоҳ (0)