Ўзбекистоннинг олтин-валюта захираси 1 февраль ҳолатига кўра 34,3 миллиард долларни ташкил этди, деб хабар бермоқда Spot Марказий банк маълумотларига таяниб.
Улар 2020 йил охирида кескин ўсишдан сўнг, яна қисқаришни бошлади. Аммо аввалги ойлардаги каби олтин туфайли эмас — аксинча, у 0,3 миллион трой унцияга ошди. Бу, тахминан, тўққиз тоннани ташкил этади.
Захиралар чет эл валютаси ҳисобига қисқарган бўлиб, у 700 миллион долларга камайган.
Мамлакат захиралари ҳали ҳам заиф диверсификацияланган — деярли барчаси фақат икки активда: монетар олтин (20,2 миллиард доллар) ва хорижий валютада (13,7 миллиард доллар) сақланмоқда. Ушбу муаммони АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олиш орқали ҳал қилиш режалаштирилган.
Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» сифатида қаралади — улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ.
Айни вақтдаги захира миқдори 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли. Бу ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотлар томонидан тавсия этилган 3 ойлик кўрсаткичдан анча кўпдир.
Изоҳ (0)