Мьянма давлат маъмурий кенгаши 23 314 маҳбус, шу жумладан, 55 нафар чет эллик учун амнистия эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат Қуролли кучлари бош қўмондони, катта генерал Мин Аун Хлайннинг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: EPA

«Мьянмада тинчлик, тараққиёт ва тартиб билан янги демократик давлат яратилаётган пайтда маҳбусларни намунали фуқароларга айлантириш, жамоатчиликни хурсанд қилиш учун…. Давлат маъмурияти кенгаши, конституцияга мувофиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликлар учун 2021 йил 31 январга қадар берилган жазоларни афв этиш тўғрисида фармон чиқарди»— дейилади баёнотда.

Фармонга кўра, ўлим жазоси умрбод озодликдан маҳрум қилишга, умрбод озодликдан маҳрум қилиш эса 40 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилади.

Маълумотларга кўра, Мьянма ҳарбийлари ҳокимият тепасига келганидан сўнг 262 киши ҳибсга олинган. Айни пайтда 241 киши ҳибсда, икки киши қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, ҳарбийлар идоралар ишини ҳаракатсизлантириш учун ҳукумат амалдорларини намойишда қатнашишга ундаган одамларни жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилмоқда. Ҳарбийларнинг сўзларига кўра, бўйсунмаслик ҳаракатига қўшилиш учун фуқароларга таҳдид ва босимлар ўтказилмоқда.

Шунингдек, АҚШ Молия вазирлиги Мьянмада юзага келган вазият туфайли мамлакатдаги ўн нафар жисмоний ва учта юридик шахсга нисбатан бир томонлама санкциялар жорий қилгани ҳақида хабар берилди.

Чеклов қўйилган шахслар қаторида биринчи вице-президент Мйин Све ва мудофаа вазири Сейн Вин бор, улар ҳокимият ағдарилишдан олдин ушбу лавозимларда ишлаган. Молия вазирлиги санкция эълон қилганларнинг Қўшма Штатлардаги активлари музлатилади ва уларга Америка фуқаролари ёки компанияларига алоқадор шахслар билан бизнес юритиш тақиқланади.

«Шунингдек, Мьянма  ҳарбий кучлари ўз йўналишини ўзгартирмаса, биз қўшимча чоралар кўришга тайёрмиз. Агар тинч намойишчиларга нисбатан зўравонлик ортса, Мьянма ҳарбийлари учун бугунги санкциялар фақат бошланиши бўлади» — деди АҚШ молия вазири Жанет Еллен.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Мьянма ҳарбийлари мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритганини эълон қилди, ҳукмрон партия раҳбарлари ва мамлакат президенти ҳибсга олинди. Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аунг Хлайн мамлакатнинг муваққат президенти этиб тайинланди ва мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш қуролли кучларнинг ҳаракатларини «Мьянмада амалга оширилган демократик ислоҳотларга жиддий зарар етказиш» дея қоралади. Шунингдек, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Мьянма давлат раҳбарларининг ҳибсга олинишидан хавотир билдирди ва ҳарбийларни ҳибсга олинган сиёсатчиларни озод қилишга чақирди.