Марғилонда 17 ёшли фуқаронинг қимматбаҳо телефонини олиб қўйган 5 нафар 16 ёшли болага нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Тергов департаменти.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 5 февраль куни соат 13:30 ларда номаълум шахслар Spark русумли автомашинасини Олтиариқ тумани «Янгитурмуш» МФЙ ҳудудида бошқариб, йўл четида таниш қизи билан турган вояга етмаган 17 ёшли Дониёрбек А.ни бир неча маротаба чақириб, уни ушбу чақириқларга қарамаётганини важ қилиб, унга нисбатан зўрлик ишлатган.

Улар Дониёрбек А.ни автомашинани олдига олиб келиб эгнида бўлган камзулининг чап чўнтагидаги нархи 4 100 000 сўмлик Samsung А-31 русумли телефон аппаратини очиқдан-очиқ талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни вояга етмаган 16 ёшли Рахматилло Н., синфдошлари Ҳусанбой Т., Муҳаммадали М., Муҳаммадсодиқ С., ва Хайрулло Т. билан содир этганлиги аниқланган.

Шунингдек, улар Марғилон шаҳар Барака кўчасида яшовчи фуқаро Бекзод А.га тегишли бўлган Spark русумли автомашинани 1 соатга 50 000 сўм эвазига ижарага олиб, ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ушбу автомашинани бошқарганликлари ҳамда фуқаро Дониёрбек А.га тегишли бўлган Samsung А-31 русумли уяли телефон аппаратини ҳужжатлари ёниб кетганлигини айтиб Марғилон шаҳрида яшовчи Сардор К.га 1 500 000 сўм эвазига сотиб юборгани маълум бўлган.

Таъкидланишича, Samsung А-31 русумли телефон аппарати Сардор К. дан ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вояга етмаган Рахматилло Н., Ҳусанбой Т., Муҳаммадали М., Муҳаммадсодиқ С., ва Хайрулло Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 166-моддаси 2-қисми «в» банди (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, Spark русумли автомашинасини ҳеч қандай тегишли ҳужжатларсиз ижарага бериш билан шуғулланиб келган Марғилон шаҳрида яшовчи Бекзод А.нинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Тошкентда 9 ёшли қизнинг телефонини тортиб олиб, уни сотиб юборган жуфтлик қўлга олингани, Қўйлиқда фоҳишалик қилувчи аёл мижоз сифатида келган эркакнинг телефони ва 500 долларини тунаб кетгани ҳамда Сергелида Gentra’ни олиб қочиб, унинг қисмларини сотиб юборган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.