Қирғизистон бош вазири Улуғбек Марипов мамлакатнинг Чўй вилояти собиқ губернаторини Бишкек мэри вазифасини бажарувчи этиб тайинлади, деб ёзади Tengrinews.
Бактибек Кудайбергенов Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг янги мэри сайлангунига қадар мэр вазифасини бажариб туради. Тегишли қарор бош вазир томонидан имзоланган.
Бош вазир матбуот хизмати вакилига кўра, Мариповнинг яна бир қарори билан тадбиркор Эрмек Нургазиевнинг мэр вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши бекор қилинган.
9 февраль куни Бишкек мэри вазифасини бажарувчи Балбак Тулобаев уч ойлик фаолиятидан кейин ўз хоҳишига биноан лавозимдан истеъфога чиққан эди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбари шу куниёқ аёлларни калтаклаши билан ном чиқарган Нургазиевни лавозимга тайинлади. Бироқ бу қарор аввал жамоатчилик, сўнг мамлакат президенти Садир Жапаров томонидан танқидга учради.
Аввалроқ Бишкекнинг собиқ мэри Албек Ибраимовга қарши коррупцияга боғлиқ бўлган ҳолатлар бўйича яна бир жиноий иш қўзғатилгани хабар берилган эди. Собиқ шаҳар ҳокими қамоқдан 5 октябрдан 6 октябрга ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар фонида озод қилинган. Ибраимов Жазони ижро этиш давлат хизматининг колонияга ихтиёрий равишда қайтиш тўғрисидаги мурожаатини инкор қилди ва ҳозирда халқаро қидирувда.
Изоҳ (0)