Андижонда хизмат вазифасидан фойдаланиб банкоматлардан 345,5 миллион сўмни ўзлаштирган банк мутахассисига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жалақудуқ туман бўлими томонидан АТ «Халқ банки» туман филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Аниқланишича, банкнинг бош мутахассиси З.I. 2020 йилнинг декабрь ва 2021 йилнинг январь ойида туман деҳқон бозорига ўрнатилган банкоматлардан жами 345,5 миллион сўм нақд пулни олишга эришиб, ушбу пулларни шахсий эҳтиёжларига сарфлаган ҳолда ўзининг ихтиёрида бўлган жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан З.I.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда банкоматдаги пулларни ўғирламоқчи бўлган йигит қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда банкоматлар сони 10 мингтадан ошди
Изоҳ (0)