АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп АҚШ киноактёрлар гильдиясидан кетиши тўғрисида хабар берди. Бу ҳақда собиқ президентга тегишли мактубга асосланиб, «РБК» ёзмоқда.
«Ушбу мактуб орқали мен гильдиядан дарҳол чиқиб кетмоқчилигимни маълум қиламан. Сиз мен учун ҳеч нарса қилиб бермадингиз», — деб ёзган Трамп.
Трамп ўз истеъфосини гильдия аъзоларининг кўпчилиги уни касаба уюшма қоидаларини бузгани сабабли уюшмадан чиқариб юбориш учун овоз берганидан кейин эълон қилди. Касаба уюшмаси Трампнинг хатига «раҳмат» деб жавоб ёзган.
Собиқ президент ўз баёнотида уни гильдиядан чиқариш тўғрисидаги қарор — ОАВ эътиборини ўзларининг бирлашма сифатидаги паст обрўсидан чалғитишга уриниш, дея таъкидлади.
Дональд Трамп 1989 йилдан бери АҚШ киноактёрлар гильдияси аъзоси бўлиб келган. У «Уйда ёлғиз 2» (Home аlone 2), «Намунали эркак» (Zoolander) ва «Уолл стрит: Пуллар ухламайди» (Wаll Street: Моney never sleeps) фильмларида эпизодик ролларни ижро этган.
Аввалроқ Дональд Трамп Флорида штатида ўз ваколатхонасини очгани ҳақида хабар берилганди. Ваколатхона «собиқ президент девони» деб номланади. Шу билан бирга, Трамп Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳидан мажбуран чиқариб юборилиши мумкин. Чунки бино турар жой сифатида рўйхатдан ўтказилмаган.
Изоҳ (0)