BOE компанияси смартфонлар ва бошқа қурилмаларнинг экранлари билан ўзаро алоқани таъминлашнинг қизиқарли вариантини тақдим этди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.
Патентдаги изоҳларга кўра, дисплей инсон бармоғига тақиб юриши керак бўлган кичик қурилма билан боғланган ҳолда ишлайди. Фойдаланувчи ушбу қурилма тақилган қўлини дисплей юзасига теккизса, унга ўрнатилган сенсор панелларининг датчиги бармоқдаги қурилма экранига маълумотларни узатади — натижада тактиль қайта алоқа пайдо бўлади. Шундай қилиб, одам том маънода дисплей кўрсатган нарсани сеза олади.
Мазкур технология кўриш қобилиятида муаммоси бор инсонлар учун жуда керакли. BOE’дагиларнинг сўзларига кўра, улар томонидан яратилган ихчам қурилмали дисплей рақамли маконда Брайл шрифт билан ишлашни осонлаштиради. Эслатиб ўтамиз, Брайл шрифтида ҳарфлар ўрнига олтита нуқтадан фойдаланилади.
Айни вақтда Брайл шрифт билан ишлай оладиган электрон қурилма сони ва намойиш этадиган контенти бўйича чекланган — асосан, улар матнли маълумотлар билан ишлайди, суратлар ёки шакллар билан эмас. Бундан ташқари, улар анча қиммат ечим ҳисобланади.
Агарда дисплей ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчилардан бири ҳисобланган BOE патентланган технологияни тижорий қурилмаларга жорий эта олса, бу кўриш қобилияти бузилган инсонлар ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)