АҚШ президенти Жо Байден Мьянма ҳарбийларини зудлик билан ҳокимиятдан воз кечишга чақирди. У, шунингдек, Мьянма демократияга ўтганидан кейин бекор қилинган санкцияларни қайтадан киритиш масаласини ўрганишни буюрди, деб ёзади «Коммерсантъ».
«Мьянмалик ҳарбийларни зудлик билан ўзлари эгаллаб олган ҳокимиятдан воз кечишга мажбур қилиш учун халқаро ҳамжамият бирлашиши керак», — деди Байден. «АҚШ демократия йўлидаги прогрессга асосланган ҳолда, сўнгги ўн йиллик мобайнида Бирмадан санкцияларни олиб ташлаган эди», — деди АҚШ президент Мьянманинг аввалги номини қўллаб.
«Бу прогресснинг орқага қайтарилиши санкция сиёсатимизнинг тезкорлик билан қайта кўриб чиқилишини ва тегишли чоралар кўрилишини талаб қилади», — деди Жо Байден. Унинг сўзларига кўра, АҚШ «демократия қаерда ҳужумларга учраса, ўша жойда уни қаттиқ туриб талаб қилади.
Эслатиб ўтамиз, Мьянма Қуролли кучлари мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, ҳокимиятни Қуролли кучлар қўмондони Мин Аун Хлаинуга топширди. Бундан олдин эса ҳукмрон «Демократия учун миллий лига» партияси вакили ҳукумат раҳбари Аун Сан Су Чжи қўлга олинганини маълум қилди.
Шундан кейин Мьянмада алоқа бўйича узилишлар юз берди, ҳукумат телевидениеси ва радио ўз эфирларини тўхтатди. Ҳарбийлар янги парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди.
Мавзуга доир:
- Мьянмада ҳарбийлар ҳокимиятни эгаллаб олди ва бир йилга фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Мьянма ҳарбийлари янги сайловлар ўтказиш режасини эълон қилди
- БМТ бош котиби Мьянма раҳбариятининг қўлга олинишини қоралади
- АҚШ ва Австралия ҳукуматлари Мьянма ҳарбийларини қўлга олинган мансабдорларни озод этишга чақирди