Тожикистонда 2020 йилда вафот этганлар сони 2019 йилга нисбатан 8,6 мингга кўпайган. Бу ҳақда Тожикистон Адлия вазирлиги ФҲДЁ бўлими бошлиғи Саодат Сирожзодага таяниб, «Sputniknews.ru» хабар қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, Тожикистонда 2020 йилда 41 693 та, 2019 йилда эса 33 050 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ўсиш тахминан 13,7 фоизни ташкил этган.
ФҲДЁ раҳбарининг сўзларига кўра, ўлимларнинг аксарияти юрак хасталиги туфайли юз берган. Бундан ташқари, Сирожзода коронавирус пандемияси 2020 йилда ўлим даражасига сезиларли таъсир кўрсатганини таъкидлади.
Расмий маълумотларга кўра, 2020 йил 30 апрелдан декабргача коронавирусдан 90 киши вафот этган, шу жумладан, 11 нафар маҳкум қамоқ жазосини ижро этиш муассасаларида пневмониядан вафот этган.
Маълум бўлишича, Тожикистонда туғилиш коэффициенти бир йил аввалги даражасида сақланиб қолган. 2020 йилда ФҲДЁ органларида 239,9 мингдан ортиқ янги туғилган чақалоқ қайд этилган.
Аввалроқ Эмомали Раҳмон Тожикистон коронавирус устидан ғалаба қозонганини маълум қилгани ҳамда Ўзбекистон Тожикистоннинг жанубида COVID-19 билан касалланганларни қабул қилиш марказини қуриши ҳақида хабар берилганди.