Ички ишлар вазирлиги «Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика (катта) инспекторларининг аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасидаги фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги

Унга кўра, Ички ишлар органлари таянч пунктлари профилактика (катта) инспекторлари аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда оилавий шифокорларга кўмаклашади.

Профилактика инспекторлари маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда оилавий шифокорларга қуйидаги йўналишларда кўмаклашади:

  • аҳоли ўртасида ортиқча вазн, семизлик ва юқумли бўлмаган касалликка чалинган шахсларга соғлом турмуш тарзи бўйича зарур тавсиялар беришда;
  • аҳоли кўп тўпланадиган жойлар, истироҳат боғлари, маҳалла гузари, идора-ташкилотлар ва ўқув муассасаларида «Саломатлик майдонча»лари ташкил этишда;
  • маҳалланинг фаол, ибратли, зиёли оилалари вакиллари ҳамда кўнгилли ёшлардан тузилган «Саломатлик мактаб»лари томонидан соғлом овқатланиш асослари ва жисмоний фаоллик бўйича семинар-тренинглар ўтказишда;
  • «Саломатлик мактаби» аъзолари томонидан оила ва хонадонларда амалий тарғибот тадбирларини ташкиллаштириш орқали аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва жисмоний фаолликни тарғиб этишда;
  • маҳаллада истиқомат қиладиган жисмоний тарбия билан шуғулланишга иштиёқи бор, хоҳиш билдирган аёллардан иборат «Эъзозли аёллар» ва эркаклар учун «Фахрий нуроний» клубларини тузиш ҳамда клуб аъзоларини жисмоний тарбия машқларини бажариш қоидаларига ўргатиш, маҳаллада жисмоний фаолликни амалга ошириш учун шароит яратиш ва улар орқали маҳалла аҳолисини эрталабки бадантарбия ва кечки сайрга жалб қилишда;
  • маҳаллаларда «Соғлом хонадон», «Спортчи оила», «Спортчи бобо ва набира» каби танловлар ва челленджлар ўтказишда;
  • аҳоли, айниқса, хотин-қизларни маҳалаларда мавжуд спорт иншоотларидаги спорт тўгараклари ва сексияларга жалб этишда.

Профилактика инспекторлари маҳалла фаолларига фуқароларнинг кечки сайрларини ташкил қилиш, спорт ўйинларини хавфсиз ўтказишга кўмаклашиш борасида:

  • маҳалла фуқаролар йиғини раиси билан спорт ўйинларини ўтказиш тартибини бевосита фуқаролар йиғини қарори билан тасдиқлаб олиш;
  • спорт ўйинларини ташкил этиш бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уни тасдиқлаш учун фуқаролар йиғини кенгашига тақдим этиш каби масалаларни ҳал қилади.

Маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда бу борада давлат органлари ва оилавий шифокорларга кўмаклашишда, тадбирлар вақтида хавфсизликни таъминлашда, жамоат тартибини сақлашда ўрнак кўрсатган профилактика инспекторлари маҳалласидаги аҳолининг саломатлик кўрсаткичларига кўра ҳар 6 ойда бир марта қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рағбатлантирилади.