Давлат статистика қўмитаси Ўзбекистон аҳолисининг 2020 йил январь—декабрь ойлари бўйича умумий даромадлари тўғрисидаги маълумотлар билан бўлишди. Унга кўра, 2020 йилда аҳоли жон бошига умумий даромад 11,7 миллион сўмни ташкил этган.
Даромадлар турли манбалардан бўлиб, улар орасида хориждан юборилган пул ўтказмалари ҳам бор.
Қайд этилишича, 2020 йилда аҳолининг умумий даромадлари таркибида республика ташқарисидан келиб тушган пул ўтказмаларининг энг юқори улуши Самарқанд (23,1 фоиз) ва Хоразм (22,7 фоиз) вилоятларида кузатилган. Унинг ортидан Сурхондарё (20,1 фоиз) ва Андижон (20 фоиз) вилоятлари ўрин олган.
Наманган вилоятида эса ушбу кўрсаткич 16,9 фоизга тенг. Қашқадарёда 16,7 фоиз, Фарғонада 16,3 фоиз, Бухорода 15,8 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида эса 18,6 фоизга тенг.
Пул ўтказмаларининг энг кам улуши Навоий (4,4 фоиз), Тошкент (5,7 фоиз) ва Жиззах (7,2 фоиз) вилоятларида қайд этилган.
Аввалроқ Ўзбекистонга юборилаётган пул ўтказмалари оқимида ўсиш кузатилгани, энди меҳнат муҳожирлари кўпроқ маош ола бошлагани тўғрисида хабар берилганди. Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2020 йил давомида юборилган халқаро пул ўтказмалари ҳажми 6 миллиард доллардан ошган.
Изоҳ (0)