Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 18 миллиондан зиёд бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг қарийб 55 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш борасидаги долзарб вазифаларга бағишлаб ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида сўз юритилди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири Миролим Исажонов.
Йиғилишда давлат раҳбари ёшлар билан янгича ишлаш тизимини иккита муҳим йўналишда ташкил қилиш лозимлигини қайд этди.
«Биринчиси – ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўлса, иккинчиси – ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишдир. Қанчалик қийин бўлмасин, барча даражадаги раҳбарлар шуни яхши билиши керакки, ушбу вазифаларни бажаришимиз шарт ва зарур. Бошқа иложимиз ҳам, йўлимиз ҳам йўқ.
Бугунги кунда 18-30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда (бу умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп). Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори. Бундай муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида, Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.
Ҳозирга қадар Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди. Билдирилган таклиф ва истаклар асосида, туман ва шаҳарлар кесимида «Ёшлар дастурлари» тасдиқланди», деди Президент.
Аввалроқ Маҳалла раислари ва мазкур тизимда иштирок этадиган барча ходимлар Давлат бошқаруви академиясида ўқитилиши ҳамда Шавкат Мирзиёев Бухородаги IT Park’ни бориб кўрди, ёшлар билан суҳбатлашгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)