Европа Иттифоқи Танзанияга COVID-19’га қарши курашиш учун 27 миллион евро ажратди. Маблағни олгандан сўнг, расмийлар мамлакатни коронавирусдан холи деб эълон қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews маҳаллий Great Game India нашрига асосланиб.

Фото: Nеw York Post

Маълум қилинишича, Европа Иттифоқи бирдамлик жамғармаси Танзанияга коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодий оқибатларига қарши курашиш учун маблағ ажратган. Ушбу маблағлар шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олишга, вакциналар, дори-дармонларни ишлаб чиқаришга, аҳолини эмлаш ва коронавирус тарқалишига қарши қаратилган бошқа тадбирларга сарфланиши керак эди.

Бироқ эпидемия билан курашиш учун пул олганидан сўнг, Танзания ҳукумати мамлакатни коронавирусдан холи деб эълон қилди ва аҳолисини эмлашни рад этди. Бундан ташқари, президент Жон Магуфули COVID-19’га қарши бирор-бир вакцина сотиб олмоқчи эмаслигини, аксинча касалликдан ҳимоя қилиш учун маҳаллий ўтлардан фойдаланишини айтди.

«Одамлар ниҳоят Танзанияда биз хавфсиз эканлигимиз ҳақидаги ҳақиқатни билиб олишди. Эшитинг, бу ерда ҳеч ким ниқоб тақмайди. Чунки биз хавфсизмиз, бизни ўлишдан қўрқмайди деб ўйлайсизми? Коронавирус биздан узоқ кетди. Биз уни йўқ қилдик. Биз ибодат қилдик, Худони улуғладик ва у бизни эшитди», – деди Магуфули.

Мамлакат президенти халқ ибодатлар билан даволанишини қўшимча қилди ва Мадагаскардан «коронавирусни даволайдиган» ўсимликдан тайёрланган ичимлик сотиб олишга ваъда берди.

Шундан сўнг Европа Иттифоқи бирдамлик жамғармаси вакиллари ғазабланиб, парламентда норозиликларини билдиришди. Бу, шунингдек, фармацевтика компаниялари ва европаликларни ҳам ғазаблантирди.

«Танзания ҳукумати мамлакатда жуда ғалати тушунтиришлар билан коронавирус йўқлигини эълон қилди. Ўша мамлакат ҳукумати ЖССТ кўрсатмаларига риоя қилишдан ва статистик маълумотларни тақдим этишдан бош тортди, аммо биз уларга 27 миллион евро беряпмиз.

Танзанияга берган пулимиз, ушбу пулни бериш мезонлари қандай бўлганлиги тўғрисида бизнинг қўмитамиз аъзоларига хабар беришингизни ва бу пул билан нима юз бераётганини бизга хабар беришингизни истардим. Гап европалик солиқ тўловчиларнинг пуллари ҳақида кетмоқда ва агар сиз саволларимга жавоб бера олмасангиз, унда 48 соат ичида ёзма равишда тақдим этасиз, деган умиддаман», – деди Европа Иттифоқи парламентининг германиялик аъзоси Дэвид Макаллистер.

Аввалроқ Танзанияда мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилиш тақиқлаб қўйилгани ҳамда эчки ва папайяда ҳам коронавирус аниқлангандан сўнг ушбу мамлакат Соғлиқни сақлаш миллий лабораторияси раҳбари ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди.