Баҳрайн ҳукумати Британия ва Швеция компанияси AstraZeneca томонидан ишлаб чиқарилган янги коронавирусга қарши вакцинани қўллашни маъқуллади. Бу ҳақда 25 январь куни Sky News Аrabia хабар берди.
Унга кўра, вакцина фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун тасдиқланган.
Ноябрь ойида Баҳрайн коронавирусга чалинганлар билан яқиндан мулоқот қилувчи шифокорларни Хитойнинг Sinopharm компанияси томонидан ишлаб чиқарилган вакцинаси билан эмлашга рухсат берди.
Декабрь ойи бошларида эса мамлакатда Pfizer/BioNTech вакцинасидан фойдаланишга рухсат берилган. 16 декабрь куни Баҳрайн янгиликлар агентлиги қирол Ҳамад ибн Исо ал-Халифа қиролликда биринчилардан бўлиб коронавирусга қарши эмланганлигини хабар қилганди.
Кейинчалик Баҳрайн Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 декабрдан мамлакат фуқаролари ва унда яшовчи чет элликлар учун коронавирусга қарши бепул эмлаш кампанияси бошланганлигини эълон қилди.
Баҳрайн Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган сўнгги маълумотларга кўра, пандемия бошланганидан бери мамлакатда коронавирус билан 99 817 нафар одам касалланган. Беморларнинг 96 532 нафари соғайган, 367 нафари эса вафот этган.
Аввалроқ AstraZeneca вакцинасини Ҳиндистон ҳамда Буюк Британия маъқуллаган эди.
Изоҳ (0)